Xiaomi янги авлод планшети устида ишламоқда

Xiaomi янги авлод планшети устида ишламоқда

Жорий йилнинг апрелида Xiaomi компанияси Mi Pad 3 планшетини тақдим этган ва савдога чиқарганди. Лекин яқинлардан бери ишлаб чиқарувчи мазкур қурилма учун буюртма олмаётган эди. шу сабабли айрим кузатувчилар, Xiaomi бу йўналишда ишланмаларни тўхтатиб қўйган, дея хулоса қилишаётганди.

Аммо кеча компаниянинг ҳаммуассиси ва раҳбари Лэй Цзюнь (Lei Jun) бу масалага ойдинлик киритди. Унинг сўзларига кўра, Xiaomi аллақачон кейинги авлод планшети устида иш бошлаган, деб ёзади GizmoChina нашри.

Афсуски, Xiaomi раҳбари навбатдаги қурилманинг хусусиятлари ҳақида бирор маълумот бермаган. Аммо турли манбалар унинг Mi Pad 4 номи остида кейинги йилнинг биринчи ярмида тақдим этилишини айтишмоқда.

Xiaomi’нинг янги авлод планшети гибрид мобил қурилма – планшет-трансформер бўлиши ҳам айтилаётир. Яъни, худди Microsoft Surface Pro сингари, бу планшетга ҳам клавиатура улаган ҳолда, уни кичикроқ ноутбукка айлантириш мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Энг яхши замонавий планшет-трансформерлар

Бу гаджет тўртинчи авлод уяли алоқа стандарти – LTE тармоғини қўллаб-қувватловчи модемга эга бўлиши ҳақида тахмин қилиш мумкин. Шунингдек, кузатувчилар Xiaomi’нинг навбатдаги планшети Dual Boot функциясига эга – Android ва Windows операцион тизимларида ишлай оладиган бўлиши мумкинлигини ҳам айтишмоқда.

Таъкидлаш керакки, қурилманинг юқорида санаб ўтилган хусусиятларга эга бўлиши расман тасдиқланмаган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.