Xiaomi: янги моделлар туркумини кутинг!

  •   DiMaX
  •  1963
  •  03.07.2017 13:25

Xiaomi: янги моделлар туркумини кутинг!

Хитойдаги манбадан олинган манбага кўра, Xiaomi компанияси янги – Xiaomi X туркумида смартфонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда. Бу хусусда GizmoChina нашри хабар бераётир.

Ушбу компания шу пайтгача икки хил туркумга мансуб смартфон моделларини чиқариб келганини биламиз. Булардан Mi туркуми юксак самарадорликка, флагман хусусиятларига эга смартфонлар бўлса, Redmi туркуми ўрта нарх сегментидаги, хусусиятлари ва нархлари ҳам шунга яраша бўлган телефонлардир.

Охирги маълумотларга қараганда, яқин орада чиқариладиган янги туркумга мансуб биринчи модель Xiaomi X1 деб номланади. Манбанинг хабар беришича, у Xiaomi X1 смартфонининг икки талқинда тақдим этилишини аниқлаган: биттаси ромсиз экранли, иккинчиси эса оддий экранли қурилмалар бўлади.



Биринчи – ромсиз вариантига диагонали 5,5 дюймга тенг бўлган, 2160х1080 пиксел сиғимли Pegasus дисплейи ўрнатилади. Мазкур девайс Snapdragon 660 чипсети асосида ишлайди. Камераси эса қўшалоқ – IMX362 ёки IMX386 сенсоридан иборат бўлиши кутилмоқда. Гаджетнинг 3,5 миллиметрлик аудиотирқиши ҳамда орқа панелида бармоқ изи сканери бўлади. Янги моделнинг нархига келсак, тезкор хотирасининг ҳамда ички хотирасининг ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, смартфон қиймати 300 АҚШ долларидан бошланади.

Xiaomi X1’нинг иккинчи талқини оддий экранга эга бўлиши кутилмоқда. Унинг пикселлар сиғими ҳақида маълумот йўқ, аммо, у Full HD сифатида бўлиши тахмин қилинаётир. У ҳам Snapdragon 660 чипсетида ишлайди, 3,5 миллиметрлик аудиотирқишга эга бўлади. Фақат бу талқинида бармоқ изи сенсори олд панелда – экран остида жойлашади. Унинг бошланғич нархи ҳам биринчи талқинникига нисбатан пастроқ бўлади.