Xiaomi замонавий кишиларга зарур гаджетни тақдим қилди

Xiaomi замонавий кишиларга зарур гаджетни тақдим қилди

Хитойнинг жаҳонга танилиб бораётган Xiaomi корпорацияси ўз мухлисларини хурсанд қилишдан бир зумга ҳам тўхтаётгани йўқ. Куни кеча Хитойда бугунги ҳар бир замонавий кишига зарур янги гаджет тақдим қилинди. Смартфон, планшет ёки компьютер ва бошқа электрон қурилмаларга мўлжалланган бу прибор чиндан ҳам бизга зарур.

Xiaomi тақдим этган бу маҳсулот ёрдамида гаджетларимиз узлуксиз электр тармоғида бўлишади. Mi Power Strip деб ном олган биринчи қурилма "пилот" вазифасини бажаради ва унга бир вақтнинг ўзида 3 та қурилмани улаш мумкин. Бу маҳсулот $4 долларга баҳоланган.

Хитойлик корпорация тақдим қилган яна бир Mi Power Strip қурилмаси юқоридаги талқиндан светодиодли индикатор билан фарқ қилади. Шу билан бирга, бунда 2 та USB (2.4A) портлари ҳам мавжуд. Буларда ҳам хоҳлаган электрон қурилмалар – смартфон, планшет ва бошқа гаджетларни қувватлаш мумкин. Бу қурилмага $7 доллар нарх қўйилган.

Xiaomi тақдим этган энг қиммат ток узаткич $14 долларлик Mi Power Strip бўлиб, бу талқин тўлиқ зарядлаш станцияси вазифасини бажаради. Унга бир вақтнинг ўзида 4 та 220 В кучланишидаги ток қабул қилувчи гаджетни, шунингдек USB (2.4A) портлари орқали яна 3 та қурилмани улаш мумкин. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир розеткада муайян гаджетга бораётган электр токини ўчириб қўйиш учун махсус тугмалар ҳам бор.

Хонадонимиз электрон гаджетларга тўлиб бораётган бир пайтда ҳар биримизнинг электр таъминоитга эҳтиёжимиз ошади. Xiaomi тақдим этган бу қурилмаларнинг муҳим ўзига хослигини ҳали айтмадик -- улар девайсларни ток билан бир меъёрда таъминлаш, қизиб кетиш ва ток кучланишларининг олдини олиш каби муҳим жиҳатларга эга. Натижада, қадрдон техникаларимизни хавотирсиз уларга улашимиз мумкин.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.