Хитой аҳолини "Jinwang" иловасидан фойдаланишга мажбурламоқда

Хитой аҳолини

Ривожланган мамлакатларда ҳукуматларнинг виртуал жосуслик йўли билан фуқароларнинг мобил алоқа воситаларини хуфёна кузатиб бориши сир эмас. Бироқ, Хитой ҳукумати фуқароларини уларни кузатишга мўлжалланган иловани ўрнатишга очиқчасига мажбурламоқда. Бу тўғрида Mashable ахборот технологиялари сайти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, ҳукумат аксарият аҳолиси мусулмон бўлган Синьцзян-Уйғур автоном районида истиқомат қилувчи фуқароларга смартфонларига "кузатув иловаси"ни 10 кун ичида юклаб олиш ва ўрнатиш бўйича кўрсатма берган. Акс ҳолда, фуқароларга ҳукумат қонунларига бўйсунмаслик бўйича айбловлар қўлланилади.

"Jinwang" номли илова смартфондаги файлларни мониторинг қилади, террористик ва ноқонуний диний видео ва суратларни, диний китобларни ҳамда қонунга хилоф электрон ҳужжатларни автоматик равишда аниқлайди. Илова фойдаланувчига бу файлларни ўчириб ташлашни таклиф қилади. Шунингдек, илова фойдаланувчининг Хитойнинг оммалашган Weibo ҳамда WeChat тармоқларидаги хатти-ҳаракатларини ҳам кузатиб боради ва тегишли идораларни бу маълумотлардан хабардор қилади.

Синьцзян-Уйғур кўп эътиқодли ва элатли ҳудуд бўлиб, 8 та давлат билан чегарадош. Бу ҳудудда сўнгги вақтларда диний ва сиёсий зиддиятлар кучайиб бормоқда. Ҳукумат фуқароларни онлайн кузатиш ва уларнинг шахсий маълумотларини тўплаш орқали бу ерда тартиб сақлашга уринмоқда. Бу эса инсон ҳақ-ҳуқуқлари дахлсизлигига зид, албатта.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!