“Хитойча MacBook Air” Apple’никидан $300 доллар арзонга сотилади

“Хитойча MacBook Air” Apple’никидан $300 доллар арзонга сотилади

Xiaomi компанияси 27 июль куни Mi Notebook Air ультрабукини намойиш қилди. Унинг Apple’нинг MacBook Air гаджетига қарши “майдонга” тушгани айтилмоқда. Қурилма ҳар жиҳатдан “Олма”нинг маҳсулотига ўхшаб кетади. Хусусан, у тўлиқ металл корпусга эга.

2 августдан бошлаб 13.3 дюймли Mi Notebook Air Хитой бозорига $750 доллардан чиқарилади. MacBook Air’нинг бу ердаги нархи эса айни пайтда  $1,050 долларни ташкил қилади. Ноутбук 12.5 дюйм экранли версияда ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур талқин  бозорда $530 доллардан сотилиши маълум қилинган.

Windows 10 операцион тизимида ишлайдиган Mi Notebook Air ультрабукида ҳатто Apple’нинг MacBook Air’ида мавжуд бўлмаган янги жиҳатлар билан бойитилган.

ABI Research маркетинг компанияси раҳбари Жефф Оррнинг фикрича, Xiaomi қайсидир маънода муваффақиятли қурилмаларга ўхшаш гаджетларни такомиллашган талқинда ишлаб чиқиш орқали рақобатда Apple, Lenovo ҳамда Acer, Asus каби йирик ишлаб чиқарувчиларга имкониятни бой бермоқчи эмас.

Mi Notebook Air клавиатураси тўлиқ остки ёритгич ва юпқа ҳошияли экран шишаси ромга қадар бирлашган шиша экранга эга.

Одати бўйича, Xiaomi’нинг маҳсулотлари Apple қурилмаларини такрорлаб, улардан ўзиб кетишга ҳаракат қилади. Жумладан, хитойлик компаниянинг даъво қилишича, Mi Notebook Air ноутбукининг корпуси Macbook Air’никидан 13 фоизга юпқа ва унинг 5.56 мм.лик роми сабабли 11 фоизга ихчамроқ. Корпус ўлчамлари: 306.9 x 210.9 x 14.8 мм.

Ультрабукнинг 13 дюймли модели full HD дисплей (1,920 x 1,080 пиксель), Intel Core’нинг i5 процессори, Nvidia’нинг GeForce 940MX видео картаси, 8 ГБ тезкор хотира, 256 ГБ доимий ички хотира, ва SATA’нинг 256 ГБ.гача флешкани қўллаб-қувватлайдиган хотира бўлмачаси билан бугунги фойдаланувчи талабларига жавоб беради.

Xiaomi’нинг хабар беришича, Mi Notebook Air ультрабукида видео ўйин ишқибозлари сониясига 85 кадрли Dota 2 каби full HD сиғимли, графикага бой ўйинларни ўйнашлари мумкин.

Mi Notebook Air 1.28 кг вазнга эга. Унинг корпусида қувватлаш учун USB-C порт, шунингдек 2 та USB 3.0 порт, 1 та HDMI мультимедиа порти ҳамда 3.5 мм аудио порти ўрнатилган.

Хитойча “Мак Эяр”нинг аккумулятори унинг 9 соатлик фаолияти учун етарли. Унинг рақибида эса бу кўрсаткич 12 соатни ташкил этади. Бироқ Mi Notebook Air’да тезкор қувватлаш тизими жорий қилинган, унинг аккумуляторини 30 дақиқада 50 фоизга тўлдириш мумкин.

12.5 дюймли Mi Notebook Air экрани 12.9 мм, ниҳоятда ингичка чекка ромга эга. У 1.08 кг тош босади. Гаджет платформаси Intel Core i3 процессори, 4 ГБ тезкор хотира, 128 ГБ доимий ички хотирада фаолият кўрсатади. Унда алоҳида эмас, марказлашган видеокарта мавжуд.

2015 йилда Xiaomi’нинг ноутбук ишлаб чиқаришига оид турли гап-сўзлар тарқалган эди. Компания мана энди бу борада жаҳоннинг супер қурилмасига рақиб бўлган гаджетни тақдим этди.

Xiaomi 2015 йилда нархи $45  миллиард долларга тенг бўлган 70 миллион дона мобиль воситасини сотишга муваффақ бўлган. Бу жуда катта натижа. Муҳими, у арзон ва сифатли мобиль алоқа воситалари билан фойдаланувчилар ишончини оқламоқда.

Хитойда смартфон ишлаб чиқаришнинг жадал ривожи халқаро компанияларни маҳаллий бозордан суриб чиқармоқда. Мисол учун, Apple’нинг Хитойдаги даромади бир йил ичида 33 фоизга тушиб кетган. Натижада, Хитой компаниянинг энг йирик иккинчи бозори деган мақомдан чиқиб кетди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!