Хитойда оммабоп смартфон номи ва бренди маълум бўлди

Хитойда оммабоп смартфон номи ва бренди маълум бўлди

Oppo R9S Хитойда смарфтон сотиш бўйича пешқадам бўлган Oppo компанияси томонидан энг кўп сотилаётган “ақлли телефон”. 2016 йилда компания бу туркумга кирадиган 20 миллион дона смартфон сотига эришган. 5.5 дюймли смартфон экрани AMOLED технологиясида ишлаб чиқарилган. Дисплейнинг пиксель сиғими Full HD, ҳар дюймдаги пикселлар миқдори 1920×1080, 401 тани ташкил қилади. Экран Corning Gorrila Glass 5 ҳимоя шишаси билан қопланган.

Oppo R9S Android 6.0.1 Marshmallow операцион тизимининг компания томонидан ишлаб чиқилган Color OS талқинида фаолият кўрсатади. Oppo R9S самарадорлиги учун Snapdragon 625 процессори масъул. Унинг тезкор хотирасининг сиғими 4 ГБ, доимий ички хотира сиғими 64 ГБ. Шунингдек, гаджетдаги microSD бўлмачаси орқали хотира сиғимини 128 гигабайтгача кенгайтириш мумкин.

Мобиль алоқа воситасининг 16 МП сиғимли бош камераси f/1.7 ҳажмли диафрагма, юзни аниқлаш, фазали автофокус функцияларига эга. Шунингдек, селфилар учун ҳам компания 16 МП сиғимли олд камерани жорий қилган. Oppo R9S 3010 мА соат сиғимли “қувват тоши”, яъни аккумуляторга эга. Тезкор қувватлаш технологияси орқали смартфон қувватини 30 дақиқада 60 фоизгача тўлдиради. Смартфон корпусининг ўлчамлари: 153мм x 74мм x 6.6мм., оғирлиги 145 грамм.

2016 йилнинг октябрь ойида тақдим қилинган Oppo R9S девайси дизайнида iPhone 6 ҳамда Samsung Galaxy S7 смартфонларининг уйғунлигини кўриш мумкин. Юпқа ва силлиқ корпус, қиррадор ён биқинлар харидорни ўзига тортади. Oppo мазкур смартфон учун $457 АҚШ доллар сўрамоқда. Халқаро бозорда гаджет 600 АҚШ долларигача сотилмоқда.


2016 якунларига кўра, Oppo компанияси Хитойда смартфон сотиш бўйича пешқадамга айланди. Компания йил давомида маҳаллий бозорга 76,6 млн. дона смартфон сотган. Oppo онлайн савдони маъқул кўрадиган рақибларидан фарқли ўлароқ, ўз маҳсулотларини улгуржи бозорга чиқариб, ушбу муваффақиятга эришган ва савдо айланмаси 2015 йилга қараганда 122 фоизга ўсган. Натижада, Huawei, Vivo, Apple, Xiaomi компаниялари унинг чангида қоилшган. Apple 2016 йилда Хитойда бор-йўғи 44,9 млн. дона айфон сотишга эришган. Samsung ва Lenovo каби жаҳоннинг нуфузли смартфон ишлаб чиқарувчилари ҳаттоки бу бешликка кира олишмаган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.