Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Хитой юритаётган ижтимоий рейтингга қарши чиқишмоқда

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Хитой юритаётган ижтимоий рейтингга қарши чиқишмоқда

Хитой ҳукумати фуқароларининг виртуал ҳаракатларини қаттиқ назорат остига олади. Энди хитойликларнинг виртуал тармоқдаги ножўя ҳаракатлари интернетдан фойдалана олмасликларига олиб келиши мумкин.

Хитойда фуқароларни ижтимоий рағбатлантиришнинг ноёб механизми қўйилган. Мисол учун, жамиятда ўзини яхши тутган фуқаролар доим қиммат меҳмонхоналарда туриш, банкдан имтиёзли кредитлар олиш ҳамда бошқа бонуслардан фойдаланишлари мумкин.

Ўқинг: 2018 йил, I чорак: ижобий қарши олинган 10 смартфон

Хитойда 2014 йилдан бошлаб фуқароларнинг ижтимоий ишончлилигини баҳолаш тизими босқичма-босқич жорий қилинмоқда. Унинг доирасида фуқаронинг ижтимоий фаоллиги ёки ножўя ҳаракатлари ўрганилади, шунга кўра улар рағбатлантирилади ёки жазоланади. Бу лойиҳа ҳозирча синов тариқасида йўлга қўйилган ва 2020 йилда тўлиқ ишга туширилади.

Қуйидаги ҳаракатлар фуқаронинг бу рейтингдаги ўрнини пасайиб боришига сабаб бўлади:

• Маъмурий жиноятлар, мисол учун, йўл қоидаларини бузиш ёки жамоат транспортидан фойдаланганлик учун йўл ҳақини тўламаслик.
• Интернетда ёлғон хабарларни нашр қилиш (терактлар ёки бошқа фожиалар хусусида).
• Компьютер ўйинларига ҳаддан зиёд кўп пул сарф қилиш.

Фуқаронинг ижтимоий ишончлилиги рейтингида паст баҳо олиш қуйидаги ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин:

• Ишга олишда муаммони келтириб чиқаради, юқори лавозимга кўтарилишига тўсиқ бўлади, давлат иши ва банкларга ишга олинишга тўсиқ бўлади.
• Муайян турдаги касблар билан шуғулланиш ман қилинади, хусусан журналист ҳамда юридик соҳа ходими бўлиш тақиқланади.
• Кредит олишда муаммо келтириб чиқаради, айниқса имтиёзли кредит олишда.
• Саёҳат қилиш тақиқланиши мумкин.
• Секин тезликдаги интернетдан фойдаланиш жазоси берилади.
• Ҳашамдор меҳмонхоналарда дам олиш ва қиммат ресторанларда овқатланиш тақиқланади.
• Нуфузли университетларда таълим олиш чекланади.
• Рейтингда қуйи балл олганлар расман эълон қилиниши ҳам мумкин.

Фуқароларнинг ижтимоий ишончлилиги давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялар томонидан амалга оширилади. Улар фуқароларнинг шахсий маълумотлари сақланадиган базаларга бемалол кира олишади.

Ўтган ойда Channel News Asia сайтида ёзилишича, бу рейтинг ҳозирданоқ миллионлаб инсонларнинг ҳаётига таъсир қилмоқда. Хусусан, Хитойнинг 9 миллион нафар фуқароси рейтингдаги паст кўрсаткичлари туфайли авиачипта харид қилиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки поездда саёҳат учун бизнес-синфга кирувчи чипталарни харид қила олмаган.

Ўқинг: Йилнинг энг ҳамёнбоп 3 та смартфонидан энг яхшисини танлаймиз!

Рейтингда юқори балл олганлар коммунал хизматлар учун тўловларда имтиёзлар қўлланилган ҳамда турли бонуслар берилган. Улар шаҳар марказидаги велосипед тураргоҳларидан бепул фойдаланишлари мумкин.

Халқаро ташкилотлар, хусусан Human Rights Watch Хитойнинг бу сиёсатини қораламоқда ва унга қарши чиқаётган хитойликларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилмоқда. Бироқ режа жиддий ва 2020 йилдан ҳар бир хитойлик ижтимоий хатти-ҳаракати учун расман рағбатлантирилади ёки жазога тортилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.