Хитойда Galaxy Note 8'дан 200 баробар кўп iPhone 8 буюртма қилинди

Хитойда Galaxy Note 8'дан 200 баробар кўп iPhone 8 буюртма қилинди

Samsung 7 сентябрдан бошлаб энг сўнгги инновацион "байроқдори" бўлган Galaxy Note 8 фаблетига аввалдан буюртма олишни бошлаб юборган эди. Business Korea нашрининг расмий маълумотларига кўра, бугунги кунгача биргина Хитой ҳудудида Samsung Galaxy Note 8 харид қилиш истагидаги 20 минг нафар харидор аввалдан тўловни амалга оширган.

Шу билан бирга, айни вақтда Хитойда 4.7 дюймли iPhone 8 смартфони учун ҳам аввалдан буюртма қабул қилинмоқда. Маълум бўлишича, 15 сентябрдан ҳозирга қадар 4 миллион нафар харидор илғор айфонни олиш учун рўйхатдан ўтказилган. Энг илғор — 6 ядроли ва 64 битли A11 Bionic чипига эга смартфон учун 700 доллар сўралмоқда.

Кўриб турганингиздек, смартфон саноатидаги икки рақиб маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёж ўртасидаги фарқ 200 баробар! Бунинг ўзига хос сабаблари бор.

Samsung Galaxy Note 8 Хитой матбуотида салбий муносабатлар билан кутиб олинди. Шунингдек, маҳаллий аҳоли ҳам 1060 долларга баҳоланган фаблетнинг қимматлигини айтиб, "кореялик" смартфоннинг савдосига жиддий таъсир кўрсатишмоқда.

Galaxy Note 8 фаблетига аввалдан буюртма бериш нархи Хитойда 15 АҚШ долларини ташкил қилади. Компания айнан ана шу тўловларга кўра смартфоннинг илк партиясини ишлаб чиқаради. iPhone 8 смартфонига олдиндан буюртма бериш учун эса аввалдан тўловни амалга ошириш шарт эмас. Шундай бўлса ҳам, уни харид қилиш истагида 4 миллион нафар одамнинг рўйхатдан ўтгани таассуротли!

Шу билан бирга, экспертларнинг маълум қилишларича, Samsung Galaxy Note 8'нинг Хитойда оммалашмаганининг яна бир сабаби хитойликларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилишлари билан боғлиқ.

Яъни, хитойликлар 1000 доллардан қимматроқ Samsung Galaxy Note 8 ўрнига 550 долларга Xiaomi Mi Mix 2 олган яхши, деб ҳисоблашмоқда. Бироқ, хитойликларнинг нега Apple маҳсулотларига ҳам ана шундай фикрда муносабатда бўлмасликлари, нега айфон ҳали ҳам Хитойда талаб юқори бўлган смартфон экани тушунарсиз ҳолат. Эҳтимол, айфон Хитойда ишлаб чиқарилгани учун ҳам хитойликлар уни ўзларининг миллий маҳсулотлари деб билишса керак.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.