Хитойликларнинг ўзлари қайси смартфонлардан фойдаланишади?

Хитойликларнинг ўзлари қайси смартфонлардан фойдаланишади?

Сир эмаски, бутун дунёда қўлланилаётган смартфонларнинг аксарияти Хитойда ишлаб чиқарилмоқда. Ҳатто Apple ҳам ўз маҳсулотларини шу «Осмон ости салтанати»да йиғади. Ўринли савол туғилади: хўш, «смартфонлар конвейери» – Хитойда қайси қурилмалар энг кўп ишлатилади?

Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳамёнбоп моделлари орасида танлаш имконияти катта бўлган бу мамлакатда iPhone’лар рақобатга чидаши қийин. Лекин шунга қарамасдан, AppleInsider.ru сайтининг маълум қилишича, барибир айнан Apple бу ўлкада энг йирик фаол қурилмалар базасига эга.

Корея халқаро савдо ассоциацияси берган маълумотларга кўра, жорий йилнинг иккинчи чорагида Хитойда фаол қурилмалар борасида Apple биринчи ўринда экан. Мазкур кўрсаткич бўйича иккинчи ўринни Huawei банд этган, ундан кейинги поғоналарда эса Oppo, Vivo ва Xiaomi туришибди. Буни қарангки, дунёдаги энг машҳур ва етакчи смартфонсозлардан саналмиш Samsung, 48 миллионта фаол смартфони билан Хитойда бор-йўғи олтинчи ўринни эгаллай олган, холос!

Шунга қарамасдан, iPhone савдолари статистикаси Apple фойдасига ишора қилмаяпти: Хитойда сотилган «олмали» смартфонларнинг 60 фоизи – нархи 300 доллардан ошмайдиган ҳамёнбоп айфонлардир.

Бироқ iPhone фойдаланувчиларининг 53,4 фоизи мазкур брендга содиқлигини намоён этган: улар навбатдаги смартфон сифатида яна Apple маҳсулотини танлашларини билдиришган.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.