Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – Xiaomi’нинг яна битта янги смартфони Geekbench’да «кўринди»!

  •   DiMaX
  •  848
  •  17.05.2018 18:03

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – Xiaomi’нинг яна битта янги смартфони Geekbench’да «кўринди»!

Xiaomi компанияси ўзининг саккиз йиллиги арафасида ҳар хил моделларда смартфонлар тайёрлаб чарчамаяпти. Кунда-кунора бўлмаса-да, ҳафтада бир-икки марта унинг бирор янги мобил девайс ҳозирлаётгани ҳақида маълумот тарқалади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Strakz: номаълум арзон смартфон бенчмаркда ғалати натижа кўрсатди

Geekbench бенчмаркида 16 май куни текшириб кўрилган ушбу смартфон Xiaomi E6 кодли номи остида яширилган. Синов пайти базада сақланиб қолган маълумотларга кўра, янги телефонга Qualcomm компаниясининг саккиз ядроли, 2,0 ГГц такт частотасида ишловчи процессор ўрнатилган. Интернет-манбаларнинг таъкидлашларича, бу Snapdragon 625 чипи бўлиши эҳтимоли юқори. Америкалик чипсознинг ушбу маҳсулоти ARM Cortex-A53 ядроларини қўллайди; уларга Adreno 506 график тезлатгичи, Hexagon DSP рақамли сигнал процессори ҳамда Snapdragon X9 LTE уяли модеми шериклик қилади.

Бенчмаркдаги тест натижаларига кўра, Xiaomi E6 смартфони 3 гигабайтлик тезкор хотирага эга. Унга Android операцион тизимининг сўнгги – 8.1.0 Oreo талқини ўрнатилган.

ЎҚИНГ: Тўлиқ рўйхат: Xiaomi бу йил яна қандай смартфонлар тақдим этади?

Мана, Xiaomi E6 кодли номи остидаги смартфоннинг Geekbench’даги кўрсаткичлари билан танишамиз:

Смартфон дисплейининг ҳамда камераларининг хусусиятлари ҳозирча ошкор этилмаётир. Лекин шуни таъкидлаш керакки, Snapdragon 625 платформаси FHD+ ҳамда WUXGA форматидаги экранларни, шунингдек, 24 мегапикселли битта ёки 13 мегапикселли қўшалоқ модулли камераларни қўллаб-қувватлайди.

Кузатувчилар ушбу моделнинг Redmi туркумига мансуб, ўрта нархли смартфон бўлишини тахмин қилишмоқда, аммо унинг тақдимот санаси ва бошқа хусусиятлари номаълум. Xiaomi’нинг аллақачон бозорга тақдим этилган кўплаб моделлардаги смартфонларини эса Ўзбекистонда ҳам расмий кафолат билан олиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Тошкентда Xiaomi смартфонлари ва бошқа гаджетлари нархлари (2018 йил 12 май)

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.