«Яндекс»да ишлашни хоҳловчилар учун онлайн танлов!

«Яндекс»да ишлашни хоҳловчилар учун онлайн танлов!

Россияда технологиялар соҳасидаги етакчилардан бўлган «Яндекс» компанияси дастурчилар учун «Яндекс.Блиц» танловини ташкил этди. Унда истаган киши қатнашиши мумкин – беллашувлар интернет орқали амалга оширилади, деб ёзади Лайфхакер нашри.

Танлов икки раундда бўлиб ўтади: улардан ҳар бири олтита масалани ўз ичига олади. Уларни ечиш учун иштирокчиларга тўрт соат вақт берилади.

«Яндекс.Блиц»нинг илк раунди 18 сентябрдан то 24 сентябргача бўлиб ўтади. Унда ҳар бир қатнашчи ўзига қулай вақтда қатнашиши мумкин. Тўртта масалани еча олган талабгорлар иккинчи раундга ўтказилади. Иккинчи босқич эса 30 сентябрь куни, Москва вақти билан соат 12:00 да бошланади.

Беллашув қатнашчилари масалаларни ечиш алгоритмларини ўйлаб топишлари ва уларни кодга айлантириб ёзишлари талаб этилади. Жавоблар «Яндекс» компанияси қўллайдиган C++, Java, Python ва C# тилларида қабул қилинади.


Мазкур танловда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган иштирокчилар тегишлича 100, 75 ва 50 минг рубль миқдорида пул мукофотлари билан рағбатлантирилади. Шунингдек, энг яхши 20 нафар қатнашчиларга сертификатлар берилади. Умуман олганда, агарда сиз барча масалаларни ҳам еча олмасангиз, аммо яхши натижалар кўрсатсангиз ҳам, барибир беллашувни кузатиб борувчи ишлаб чиқувчилар ва рекрутерлар сиз билан боғланиб, ҳамкорлик таклиф этишлари мумкин.

Биринчи раунд натижалари 26 сентябрда эълон қилинади, финалистлар номи эса 4 октябрда маълум бўлади.

Хуллас, агар дастурлашдан хабарингиз бўлса, ўзингизга ишонсангиз ва «Яндекс» ёки шу каби бирор йирик компанияда ишлаш ниятингиз бўлса, мана бу ҳавола орқали ўтиб, «Яндекс.Блиц»да иштирок этиш учун ариза беришингиз мумкин.


Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.