Илғор Qualcomm Snapdragon 845 тақдим қилинди

Илғор Qualcomm Snapdragon 845 тақдим қилинди

Ва ниҳоят, америкалик чипмейкер бўлмиш Qualcomm компанияси Snapdragon Technology Summit  анжумани доирасида, 5 декабрда Snapdragon 845 флагман процессорини тақдим қилди. Мазкур чипсетнинг 2018 йилнинг илғор гаджетлари бўлиши кутилаётган Samsung Galaxy S9, LG G7, Xiaomi Mi 7 ҳамда бошқа 10 дан зиёд мобил алоқа воситаларида ўрнатилиши кутилмоқда. Qualcomm компаниясининг расмий вакили тарқатган маълумотларга кўра, ушбу процессорга эга илк смартфон 2018 йилнинг январида жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинади, яъни, 1 ойдан сўнг.

Qualcomm Snapdragon 845 процессорида 8 та ҳисоблаш ядролари (4 та Cortex-A75 ядроси ҳамда 4 та Cortex-A53 ядроси) ўрнатилади. Уларнинг орасида энг самарадорининг частота тезлиги 2,6 ГГц.гача етади. Процессорнинг ўзи эса 2-авлодга мансуб 10 нанометрли техник жараёнда ишлаш қобилиятига эга бўлган.

Янги чипдаги ўзига хос жиҳатлардан бири сифатида ундаги X20 LTE модемини айтиш мумкин. Бу модем 4-авлод алоқа тармоғини энг сўнгги стандартлар асосида қўллаб-қувватлайди.

Видео ва тасвирни қайта ишлашда Qualcomm Snapdragon 845'га ёрдамчи сифатида Adreno 630 видео-картаси танланган. Шу билан бирга, Snapdragon 845 процессори Wi-Fi 802.11ad симсиз стандартини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бу эса бир тармоқда туриб смартфонда маълумот алмашишда ҳайратланарли тезкорлик дегани.

Бугун аксарият Android флагман смартфонларда ўрнатилган Snapdragon 835 билан солиштириб кўрганда, янги чипдаги самарадорлик 15-20% га ошган. Шу билан бирга, қувватни истеъмол қилиш даражаси ўзгаришсиз қолган.

Qualcomm Snapdragon 845 процессори 2018 йилдаги барча мобил технология ва стандартларни қўллаб-қувватлайди. Бир муддат аввал тарқалган маълумотларга кўра, Samsung бу чипдан маълум муддат "яккаҳоким" сифатида фойдаланиш ҳуқуқини Qualcomm'дан сотиб олган. Инсайдерларнинг ёзишларича, ушбу чипдаги илк смартфон Samsung Galaxy S9 бўлади. Бу флагман тақдим этилганидан сўнг камида 2 ой ўтиб, Sony, LG G6, LG V40, Galaxy Note 9, Essential Phone 2, Xiaomi Mi 7, Xiaomi Mi Mix 3, HTC U12 ва бошқа смартфон моделлари ҳам тақдим қилинади. 

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Qualcomm Snapdragon 845 процессори Windows 10 бошқарувида ишлайдиган ноутбукларда ҳам ўрнатилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.