Янги ҳамёнбоп смартфон – Galaxy J7 Duo хусусиятлари фош этилди

  •   DiMaX
  •  1313
  •  11.04.2018 13:23

Янги ҳамёнбоп смартфон – Galaxy J7 Duo хусусиятлари фош этилди

Жанубий кореялик техногигант юксак инновациялар билан бойитилган флагманлар билан бир қаторда, ҳамёнбоп смартфонлар ишлаб чиқаришга ҳам эътиборни кучайтирган. Жумладан, унинг Galaxy J7 Duo модели ҳақида яқиндагина маълумот чиққан эди.

ЎҚИНГ: Samsung "ҳамёнбоп флагман"ни қайтармоқчи!

Афтидан, ҳамёнбоплар туркумига кирувчи Galaxy J7 Duo смартфонининг ҳам намойиш санаси яқин. GSMArena ресурси бу моделнинг асосий хусусиятлари акс эттирилган тақдимот слайдининг фотосуратини эълон қилди.

Кўриб турганимиз – тақдимот слайдида акс этган маълумотларга кўра, Galaxy J7 Duo модели диагонали 5,5 дюймлик, Super AMOLED матрицали экранга эга бўлади. Томонлари ўзаро 18:9 нисбатда бўлган дисплейнинг тасвир аниқлиги эса HD форматига эга. Суратидан ҳам аён бўлмоқда – у ромсиз экранга эга эмас ва олд юзаси эски моделлар дизайнида ишланган. Энлигина пастки ромда моддий «Уйга» тугмаси бор ва унга бармоқ изи сканери ўрнатилган. Тугманинг икки ёнида эса сенсор клавишлар ўрин олган.

Аввалроқ тарқалган хабарда ушбу қурилмага Bixby ёрдамчиси ҳам татбиқ этилиши айтилган эди. Бироқ юқоридаги суратда акс этган маълумотда негадир у йўқ.

ЎҚИНГ: Galaxy J7 Duo – қўшалоқ камера ва Bixby ёрдамчисига эга ҳамёнбоп смартфон тайёр!

Лекин камера масаласида Samsung зиқналик қилмаган – ҳамёнбоп бўлса-да, Galaxy J7 Duo девайсининг бош камераси 13 ва 5 мегапикселли модулларга эга. Афтидан, иккинчи объектив фақат портрет режимида орқа фонни хиралаштириш учун қўлланади. Селфи учун эса экран тепасига 8 мегапикселли олд камера жойланган.

Мазкур гаджет Samsung’нинг саккиз ядроли Exynos 7870 процессори базасида ишлайди. Тезкор ва доимий хотираларининг ҳажми тегишлича 4 ва 32 гигабайтни ташкил этади. Яна унда 256 гигабайтгача ҳажмли microSD форматидаги хотира картаси учун уяча ҳам мавжуд.

Galaxy J7 Duo смартфонини USB Type-C порти билан ҳам жиҳозлашган, аммо у USB 2.0 стандартидаги тезликнигина қўллаб-қувватлайди. Ушбу девайснинг «қувват тоши» – 3000 мА/соат сиғимли аккумуляторидир.

Бу смартфоннинг тақдимот вақти ва нархи ҳозирча аниқ эмас. Лекин жанубий кореялик техногигантнинг яқинда тақдим этилган флагманлари ва бошқа русумлардаги телефонлари юртимиз бозорларида ҳам сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Бутун Ўзбекистон бўйича етказиб бериладиган Galaxy S9+ ва бошқа Samsung смартфонлари нархлари (2018 йил 2 апрель)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.