Янги iPhone'лар даври Apple учун омадсиз бошланди

Янги iPhone'лар даври Apple учун омадсиз бошланди

Инвесторлар "Стив Жобс театри"да тақдим қилинган янги авлод iPhone смартфонларининг имкониятларидан у қадар ҳам қониқмадилар. Натижада, Apple акцияларининг биржа котировкалари қиймати 0.4% га тушиб кетган. Тўғри, бу корпорация учун жарликка қулаш дегани эмас. Шу билан бирга, бу яхши хабар ҳам эмас. Боиси, шу вақтга қадар ўтказилган сўнгги iPhone тақдимотларидан сўнг одатда биржадаги акциялар қиймати фақат ошиб келган. 

Нега биржада янги iPhone муносиб баҳоланмади

Бунинг бош сабабларидан бири сифатида тақдимот чоғида iPhone Х'нинг Face ID -- қиёфани таниш функциясининг компания вице-президенти Крейг Федерининг қиёфасини танимагани ва тизимнинг осонликча блокировкадан чиқмагани эътироф этилмоқда.

Қолаверса, инвесторларни iPhone Х'нинг нарх-навоси ҳам чўчитиб юборган. Ҳарқалай 999 АҚШ доллари кам пул дегани эмас. Шунингдек, Foxconn заводи керакли айфонни ўз вақтида етказиб беролмаслиги билан боғлиқ сабаблар ҳам акциялар қийматига салбий таъсир кўрсатган.  

Drexel Hamilton тадқиқот компанияси экспертларининг фикрича, мазкур омадсизлик корпорацияга катта зарар келтирмайди. Янги айфон эса OLED-экран ва Face Time технологиялари эвазига яхши сотилади.

Қайси iPhone'лар инвесторларнинг эътиборини тортган?

Fortune нашри 10 йиллик тарихга эга айфон брендининг тақдимотларидан сўнг Apple акциялари баҳосининг ўсишини таҳлил қилиб, қуйидаги хулосага келди. Ин­ве­сто­рлар фикрича, iPhone флагманининг илк мо­дели энг яхшиси бўлган. Унинг хизмати эвазига Apple акциялари бир йилда 119% га қимматлашган. Ундан сўнгги ўринда iPhone 4s турибди. У Apple акцияларининг 69% ўсишига ҳисса қўшган. "Учлик"да iPhone 3GS турибди. Кейинги ўрин iPhone 7'га насиб қилган. Шунингдек, iPhone 3G (-10%), iPhone 6S (-15%), iPhone 5 (-36%) флагманларининг оммалашишига сармоядорлар шубҳа билан қарашган.

Манба: The Investor

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Мавзу:

#Apple iPhone 8

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.