Янги iPhone'лар хаёлга келмаган инновацияга эга бўлади

Янги iPhone'лар хаёлга келмаган инновацияга эга бўлади

Ҳар қандай замонавий смартфоннинг ўзига хосликлари қаторида ундаги сенсор экранни айтиш мумкин. Бу экран ёрдамида фойдаланувчи мобил қурилма воситаси билан алоқага киришади. Биз матн териш, видео томоша қилиш, қўнғироқ қилиш ёки қўнғироқларга жавоб бериш, ижтимоий тармоқларда муносабат билдириш ёки бошқа кўплаб вазифаларни бажариш учун бармоғимиз билан экран бўйлаб саёҳат қилишимиз керак бўлади.

Кеча таниқли Bloomberg нашри ўзининг ишончли манбасига таяниб маълум қилишича, янги авлод iPhone қурилмаларини уларнинг экранларига тегмасдан туриб бошқариш мумкин бўлади. Яъни, контактсиз ҳаракатлар ёрдамида смартфонни бошқариш мумкин.

Apple компанияси мобил қурилма билан контактсиз алоқа қилиш технологиясини синовдан ўтказмоқда. Бунинг учун янги айфонлар махсус аппарат ва дастурий таъминотга эга бўлади. Айни пайтда «Олма» корпорациясида бундай мобил қурилманинг прототипи ҳам мавжуд.

Бу ерда гап махсус экран ҳақида кетмоқда. Бундай экран ўзига яқин турган буюмларни танийди. Шу билан бирга, бундай экранлар бармоқ ҳаракатини ҳам масофадан туриб ўқий олади. Маълум бўлишича, бундай гаджетлар юқори имкониятли "сунъий ақл" технологияси билан таъминланади.

Бу технология орқали iPhone фойдаланувчиси янги вазифа ҳамда функцияларни амалга ошириш мумкин бўлади. Мисол учун, луғатдан бирор сўзни излаш, бармоқлар банд бўлганида смартфонда оғзаки матн териш ва юбориш.

Манбаннинг маълум қилишича компанияга бу технологияни такомиллаштириши учун камида икки йил керак бўлади.

Apple компанияси ҳозирча бу технологиянинг истиқболи юқори эканига умид қилмоқда ва яхшигина сармоя киритган. Компания муҳандисларига кўра бундай технология келажакда смартфонни сенсор экранлар ёрдамида бошқариш технологиясини янгилайди. Шунингдек, ундан смарт-соат, планшет ва бошқа гаджетларни юқори даражада бошқаришда фойдаланиш мумкин бўлади.

Айтиш жоизки, 2015 йилда тақдим қилинган iPhone 6s ҳамда iPhone 6s Plus смартфонларидан бошлаб Apple компанияси айфонларида 3D Touch номли технологияни татбиқ қилиб келаётган эди. Бу технология сенсор экранни уч даражали босиш орқали бошқариш имконини беради. Яъни бармоқ зарбига қараб смартфон фойдаланувчининг хоҳишини тушунади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!