Янги талқиндаги Nokia 3310 тақдим қилинди

Янги талқиндаги Nokia 3310 тақдим қилинди

Маълумки, Nokia брендининг муаллифлик ҳуқуқи Финляндиянинг HMD Global компаниясига тегишли. Компания бугун жорий йил бошида тақдим қилинган Nokia 3310'нинг янги талқини, аниқроғи алоқанинг 3G тармоғида ишлайдиган версиясини намойиш қилди.

3G тармоғининг қўллаб-қувватлаши эвазига, Nokia 3310'дан энди Facebook, Twitter ҳамда Skype тармоқларида алоқа қуриш мумкин бўлди. Бунинг учун компания томонидан ишлаб чиқарилган махсус иловалар телефон тизимига жорий қилинган. Бундан ташқари, Nokia 3310 3G янгича операцион тизимга ҳам эга бўлди.

3G тармоғида ишлашга мўлжаллангани боис, Nokia 3310 бир оз ҳажмдор ва унинг тўлиқ қувват билан ишлаш вақти ҳам аввалгисидан камроқ. HMD Global'нинг маълум қилишича, телефонда 6,5 соат узлуксиз суҳбат қуриш, кутиш режимида эса ундан 27 кун фойдаланиш мумкин.

HMD Global шунингдек, Nokia 3310 телефони жаҳон миқёсида октябрнинг ўрталаридан 80 АҚШ долларидан, яъни аввалгисидан 20 долларга қиммат нарх билан сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, HMD Global компанияси MWC 2017 Жаҳон Мобиль Конгресси кўргазмаси доирасида 26 февраль куни, орадан 17 йил ўтиб Nokia 3310 янги талқинда қайта расман намойиш қилган эди. 2G тармоғида ишлайдиган телефонда 2,4 дюймли рангли дисплей мавжуд. Унинг пиксель сиғими QVGA (320х240)’га тенг. Телефон аппарати microSD хотирани кенгайтириш флешкасига мўлжалланган бўлмачага ҳам эга. Қолаверса, MP3-плеер орқали мусиқа ҳам тинглаш мумкин. Тўлиқ янгича дизайнга эга телефон олд панелида моддий тугмалар қолдирилган.

“Малика” маиший техника мажмуасида узоқ кутилган Nokia 3310 (2017) гаджети шу кунларда 120 АҚШ долларигача сотилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!