Янги вирус қурилмангизни 10 сонияда бузиб кира олади! (+видео)

Янги вирус қурилмангизни 10 сонияда бузиб кира олади! (+видео)

BlueBorne деб аталган янги компьютер вируси хакерларнинг исталган қурилма ҳимоясини ўн сониядаёқ бузиб киришларига йўл очиб беради. Бунинг учун ўша қурилмада Bluetooth ёқиқ бўлиши кифоя, дея хабар беради Armis Labs компанияси.

Компания пресс-релизида ёзилишича, BlueBorne ёрдамида смартфон, планшет, ноутбук ё компьютернинг ҳимоясини бузиб киргач, хакерлар унинг устидан назоратни тўлиқ қўлга олишлари мумкин. Бунинг учун жабрланувчи томон бирор ҳаракатни амалга ошириши шарт эмас, фақат қурилмасида Bluetooth ёниб турган бўлса бас.

Armis Labs мутахассисларининг таъкидлашларича, янги вирус жуда тез тарқалиши мумкин, чунки у интернет боғланмасини талаб этмайди. Яъни, интернетга уланмаган девайсларда ҳам Bluetooth ёқиқ бўлса бўлди – вирус унисидан-бунисига тўғридан-тўғри ўтиб кетаверади.

«Ҳар қандай қурилмада Bluetooth технологияси кенг имкониятларга эга, шу боис ҳам, BlueBorne ҳужумига учраган гаджетларни хакерлар тўлиқ ўз бошқарувларига олишлари мумкин», дея огоҳлантиришади Armis Labs экспертлари.

BlueBorne вируси Android, Linux, Windows операцион тизимларига ҳамда iOS тизимининг ўнинчигача бўлган барча талқинларига кира олади. Демак, Bluetooth’га эга бўлган ҳар қандай қурилма мазкур киберҳужумга учраши эҳтимоли мавжуд.

Apple, Microsoft ҳамда Google аллақачон ўз операцион тизимларини мазкур янги вирусдан муҳофаза этувчи дастурларни чиқардилар, Linux учун эса бундай дастур ҳозирда ишлаб чиқилмоқда, дейилади хабарларда.

Armis Labs мутахассислари фойдаланувчиларга, BlueBorne ҳужумига қарши тура олувчи антивируслар ўрнатишни, шунингдек, жуда зарурати бўлмаса Bluetooth’ни ўчириб қўйишларини тавсия этишмоқда.

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.