Японияда ғайриоддий хусусиятга эга робот яратилди

Японияда ғайриоддий хусусиятга эга робот яратилди

Япониянинг Taisei компанияси мамлакатда тобора авжига чиқаётган ишга муккасидан кетиш билан боғлиқ корпоратив касалликнинг олдини олиш юзасидан инновацион таклиф ишлаб чиқди. Унга кўра, ишда жуда кечгача қолиб кетган ходимларни махсус учар гаджет қўшиқ куйлаб офисдан ҳайдаб юборади. Бу тўғрида дрон ишлаб чиқарувчи Taisei компанияси хабар тарқатмоқда.

Ишлаб чиқарувчи таклиф қилаётган дрон жуда ақлли — мисоли робот каби. Ундаги махсус камералар ҳамда навигация-ҳаракатланиш тизими "булутли" технология орқали маълумотларни қайта ишлаш марказининг маълумотларига кўра ҳаракатланади. Дрон буюртма келиб тушган идорага томон учади ва у ерга бориб уйга кетишга шошмаётган ходимларни тантанали равишда кузатиб қўяди.

Дарвоқе, ходимни уйига кузатиш учун робот-дрон японларнинг Auld Lang Syne мусиқасидан фойдаланади. Бу қўшиқдан одатда япон дўконлари харидорларни дўкон ёпиладиган вақт бўлганини хабардор қилиш учун фойдаланишади.

2018 йилнинг апрелидан бошлаб бу дрон хизматларидан фойдаланиш мумкин. Ундан фойдаланиш учун эса ойига 443 доллар иш ҳақи тўлаш керак бўлади. Бироқ, бу каби хизматдан фойдаланишга бирор компания ёки корпорациянинг журъати етиш-етмаслиги ҳозирча қоронғу.

Бу дрон ўз-ўзидан яратилмаган. Гап шундаки, бир муддат аввал япониляик аёл журналистлардан бири тинимсиз 159 соат давомида ишлайди ва бунинг оқибатида вафот қилади. Японияда иш вақтидан кейин қолиб ишлаш корпоратив маданиятнинг мажбурий қисми ҳисобланади. Ходимлар шу орқали раҳбариятга ишга қанчалар садоқатли эканлкилари, ишни ҳар нарсадан, жумладан оила ва дўстлардан ҳам устун қўйишларини намойиш қиладилар. Натижада, ишдаги тушкунлик ҳисобига сўнгги йилларда узоқ умр кўрадиган японлар орасида инфаркт, инсульт хасталиклари сони ошиб бормоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.