Япониядан келажак гаджети: Sony Xperia Touch

Япониядан келажак гаджети: Sony Xperia Touch

Стол планшетга, девор — телевизорга ёки улкан соатга айланса ва сиз яқинлашишингиз билан ишга тушиб кетса-я? Айзек Азимовнинг романларини кўп ўқибсиз, демоқчимисиз? Йўқ, бу роман эмас, Sony Xperia Touch — айни пайтда ишлаб чиқарилаётган инновацион девайс. Бу гаджет хоҳлаган текисликка мослашиб, интерактив сенсор экранга айланади. Унда Android-ўйинларни ўйнаш, видеоалоқа қилиш, бирор рецептни кўриш, тақдимот қилиш ёки сурат чизиш мумкин. Ҳа, келажак энди ёнгинамизда!

Бу қандай ишлайди?
Sony Xperia Touch нурлари тушган текисликни инфра-қизил ҳудудга айлантиради. Бунинг учун унга секундига 60 кадрни узатувчи махсус камера ўрнатилган. Бу камера инфра-қизил ҳудуддаги сигнални қабул қилади. Мисол учун, стол устига тушган суратни босганимизда, Xperia Touch ўша заҳоти ҳаракатимизни аниқлаб, қайта ишлайди ва буйруқни бажаради. Шу тахлит юза сенсор экранга айланади.

Гаджет интерфейси смартфон ёки планшетники каби: уни бармоқда суриш, икки марта чертиб буйруқ бериш ва бошқа амалларни бажариш мумкин. Мультитач режими ҳам бўлиб, сенсор бир вақтнинг ўзида 10 тагача бармоқ зарбини тушунади.

Супер-проектор
Sony Xperia Touch 2 ҳолатда ишлайди: агар стол горизонтал ҳолатда бўлса, бу девайс диагонали 23 дюйм ва HD сиғимли интерактив экранга айланади. Агар нур тушадиган юза вертикал ҳолатда бўлса, унда гаджет нури деворда акс этади. Девор гаджетдан қанча узоқ бўлса, сурат шу қадар каттароқ акс этади. Узоғи билан экран 80 дюймгача, яъни 2 метргача катталашади. Бу -- бутун бошли уй кинотеатри!

Созлашга ҳожат йўқ: Xperia Touch ўзи қай ҳолатда турганини тушунади ва шунга кўра фокусини мослаб олади. Ёруғлик заҳираси – 100 нит, яъни ундан проектор сифатида фойдаланиш учун хона тўлиқ қоронғу бўлиши шарт эмас. Чийпардаларни тушириб қўйса бўлди.

Самарадорлик
Sony Xperia Touch'да бугунги замонавий ўйинларни ўйнаш мумкин. Айниқса, дўстлар билан бир стол атрофида бир неча кишилик ўйинни ўйнаш мумкин. Xperia Touch бир неча соатда ҳам қизиб кетмайди. Боиси, унинг учун керакли платформани ва салқинлатиш тизимини VAIO компанияси яратган.

Sony Xperia Touch овозли буйруқларни ҳам тушунади. Мисол учун ундан эртанги об-ҳавони, ҳайвонлар турмуш тарзи, бирор манзилга қандай боришни ва бошқа маълумотларни сўраш мумкин.

Бу ихчам гаджетад 2 та сабвуфер ва 2 та юқори частотали динамиклар ўрнатилган. Улар BRAVIA мутахассислари томонидан яратилган.

Девайснинг доимий хотираси 32 ГБ ва буни MicroSD ёрдамида 256 Гб.гача катталаштириш мумкин. У "булутли" ёки Wi-Fi тармоқларидан ҳам кино ёки мусиқаларни намойиш этади.

Xperia Touch қурилмасида PlayStation 4 Remote Play функцияси ҳам жорий қилинган.

Sony Xperia Touch айни пайтда жаҳон гаджетлар бозорида 1,8 минг доллардан сотилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.