Японлар совунлаб ювса бўладиган смартфон яратишди!

  •   DiMaX
  •  1182
  •  11.07.2017 17:32

Японлар совунлаб ювса бўладиган смартфон яратишди!

Ҳимояланган телефонлар ҳозирда деярли ҳар бир смартфонсознинг маҳсулотлари арсеналида бор. Бу атама остида асосан зарбдан, чангдан, намликдан... муҳофазаланган гаджетлар назарда тутилади. Бироқ Fujitsu тақдим этган Arrows M04 модели – барча ҳимояланган смартфонларнинг «қотили» сифатида майдонга тушди, дея хабар қилади DailyComm сайти.

Янги смартфон IP65/68 стандартлари бўйича ҳимоя сертификатига эга; бу – сув ва чанг билан контактга киришганида ҳам унга ҳеч нима қилмайди, деганидир. Шунингдек, у MIL-STD-810G ҳарбий муҳофаза стандарти бўйича ҳам сертификатланган, яъни, қурилма экстремал ҳарорат шароитларига, 1,5 метр баландликдан тушиб кетишга ҳам чидамли, яна ярим соат муддатга бир ярим метр сув тагида ҳам «жон сақлай» олади. Булардан ташқари, ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, телефоннинг корпусини қўрқмасдан идиш ювиш воситаси ёрдамида ювсангиз ҳам бўлаверади!

Илғор ҳимоянинг таъминланишида смартфонни периметри бўйлаб ўраб олган металл ромнинг ҳам аҳамияти катта. Arrows M04’нинг диагонали 5 дюймга тенг экрани эса Gorning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси билан қопланган. Тўғри, унинг тасвир узатиш сифати ҳозирги флагманларга қўйилаётган талаблар нуқтаи назаридан қараганда унчалик зўр эмас – 1280×720 пикселли дисплей.


Девайсга тўрт ядроли Qualcomm Snapdragon 410 процессори ўрнатилган; у 1,2 ГГц такт частотасида ишлайди. Тезкор хотирасининг ҳажми 2 гигабайтни, доимий хотирасининг ҳажми эса 16 гигабайтни ташкил этади. Телефон Android 7.1 Nougat операцион тизими бошқаруви остида ишлайди.

Смартфоннинг «кўз»ига келадиган бўлсак, унинг асосий камераси 13,1 мегапикселли, олд камераси бўлса 5 мегапикселли объективга эга. 2580 мА/соат сиғимли аккумулятори Arrows M04’нинг кутиш режимида 780 соат, суҳбат режимида эса 660 дақиқагача ишлаб беришини таъминлайди.

Fujitsu’нинг бу смартфони ўлчамлари 144×71×8 миллиметрни, вазни эса 148 граммни ташкил этади. Унда симсиз алоқанинг Wi-Fi 802.11 a/b/g/n, NFC, GPS ҳамда Bluetooth 4.1 модуллари мавжуд.

Хабарда айтилишича, Fujitsu Arrows M04 савдога шу йилнинг 20 июлида чиқарилади. Бироқ унинг нархи ҳозирча маълум қилинмаётир.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.