Яқин келажакда АҚШ визасини олиш учун ижтимоий тармоқлардаги фаолиятингиз ҳақида маълумот тақдим қилишингизга тўғри келиши мумкин

Яқин келажакда АҚШ визасини олиш учун ижтимоий тармоқлардаги фаолиятингиз ҳақида маълумот тақдим қилишингизга тўғри келиши мумкин

Президент Трамп маъмурияти АҚШга кириш истагида виза олмоқчи бўлган деярли барча шахсдан ижтимоий тармоқдаги фаолияти ҳақида маълумот талаб қилиш режасида эканлигини маълум қилмоқда.

АҚШ Давлат Департаменти илгари сурган ушбу ташаббусда виза олиш учун ариза топширган шахслардан, асосан, Facebook ва Twitter тармоқларидаги фаолияти тўғрисида маълумот тақдим қилинишини талаб қилиш кўзда тутилган.

Агар ушбу қонун лойиҳаси амалда жорий этилса, виза олишга талабгорлар ижтимоий тармоқлардаги сўнгги беш йиллик фаолияти тўғрисида ҳисобот топширишга мажбур бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, АҚШга кириш визасини олиш учун дунё бўйлаб йилига 14,7 миллион шахс ариза топширади. Бу эса юқоридаги қонун лойиҳаси, агар амалиётга татбиқ этилса, айнан шунча инсоннинг ҳаётига таъсир кўрсатиши мумкинлигини англатади.

Ариза топширувчилар сўнгги беш йил ичидаги телефон рақамлари, электрон почта манзиллари ва қайси давлатларга саёҳат қилганлари тўғрисида ҳам маълумот топширишларига тўғри келиши мумкин. Бироқ ушбу қонун лойиҳаси Буюк Британия, Канада, Франция ва Германия каби АҚШ билан визасиз кирди-чиқди келишувини имзолаган давлатлар фуқароларига таъсир ўтказмайди.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар жиноятчилар ва бошқа ёмон ниятли шахслар ўртасидаги алоқа воситасига айланиб қолаётгани ортидан Трамп маъмурияти айни ташаббусни илгари сурмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида АҚШ ҳукумати “шубҳали вазиятлар“да виза олиш истагида бўлган талабгорлар ва мамлакат аэропортларига қўнган шахслардан ижтимоий тармоқлардаги ҳисоблари ҳақида маълумот тақдим этишни талаб қилиш тартибини жорий қилган эди.

Бироқ ҳозирда бу қонун лойиҳаси тасдиқдан ўтмаган. Бу лойиҳа қонун сифатида ишлаб чиқилиш босқичига киришидан олдин икки ойлик халқ муҳокамасидан ўтиши лозим.

Сиз эса АҚШ визасини олиш учун ариза топширишдан олдин ижтимоий ҳар эҳтимолга қарши ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларингизни бир кўздан кечириб қўйсангиз фойдадан ҳоли бўлмайди.