Ярим баҳосидаги флагман -- Honor 9 юртимизда ҳам сотилмоқда!

Ярим баҳосидаги флагман -- Honor 9 юртимизда ҳам сотилмоқда!

Apple компанияси iPhone тақдимотидан сўнг бир-биридан таъсирли реклама роликлари олиб, жаҳонда унинг смартфонларига бирор муносиб рақиб йўқлигини ҳамманинг онгига қуйишга ҳаракат қилади. Мисол учун, сўнгги йилларда мобил камера технологияси борасида Apple ўзининг мутлоқ етакчи эканини исботлашга уриниб келмоқда.

Бироқ, жаҳонда кучли процессор ва камерага эга смартфонлар кам эмас. Фақат уларни ҳадеб ҳам реклама қилишмайди. Айниқса, 2018 йилга оз фурсатлар қолганида смартфон бозорида бир-биридан кучли рақиблар пайдо бўлмоқда. Мисол учун, шу йилнинг 12 июнида тақдим қилинган Honor 9 илғор платформа, қўш сенсорли бош камера ва кўзни қувнатадиган дизайни билан ўзига хос. Гаджет илғор бўлиш баробарида, рақибларидан 2 баробар арзон.

Қўлга олишингиз билан замон руҳини ҳис қиласиз!
Экранни қоплаган 2D шаклидаги шиша панел ҳамда орқа корпусни қоплаб олган 3D шаклидаги безак шишаси ва металл синч пишиқ ва мустаҳкам корпусни ташкил қилган. Корпус шишаси ва металл маҳорат билан қайта ишланган.

Honor 9 кўринишидан бугунги флагманларни эслатади: 5,15 дюймли (IPS матрица) Full HD сиғимли дисплей олд панелнинг 70 фоиз майдонини эгаллаган. Маълум қилинишича, экраннинг сезгирлиги аввалги смартфонларга нисбатан 25 фоизга, ҳар бир тугмани босганда смартфоннинг ишлаш тезкорлиги 10 фоизга ошган.

Платформа

Янги смартфон 8 ядроли, частота тезлиги 2,4 ГГц бўлган Kirin 960 процессори, Mali-G71 видеокартасига эга. Бу процессор, шунингдек Huawei P10 ва Mate 9 флагманларига ҳам ўрнатилган. Унинг доимий хотирасини microSD бўлмаси орқали кенгайтириш мумкин. Honor 9 Android 7.1.1’нинг ўзлаштирилган EMUI 5.1 талқинида фаолият кўрсатади.

Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3200 мА соат бўлиб, смартфон USB Type-C универсал порти ҳамда Super Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувват олади. Яъни, 60 дақиқада қувватини 90 фоизга тўлдиради. Гаджетда инфра-қизил порт, Hi-Fi аудио процессори, NFC модеми мавжуд.

Камера

Анъанага кўра, Honor 9 ҳам қўш объективли бош камерага эга бўлган. Бу модуллардан бири 12, бошқаси 20 мегапикселли. Уларнинг апертураси f/2,2. Бу сенсорларнинг бири монохром — манзарани оқ-қора, бошқаси рангли суратга олади. Натижада, суратнинг динамик диапазони кенгайиб, деталларга бой бўлади.

Бош камерада оптик барқарорлаштириш, лазерли автофокус, 2 каррали оптик яқинлаштириш функциялари, портрет жанрида суратга олиш режими мавжуд. Гаджетнинг олд камера сиғими 8 мегапиксел.

Қуйидаги суратлар Honor 9 смартфонида, автомат режимда олинган:

Honor 9 камерасининг маҳоратига сиз ҳам қойил қолдингизми?

Honor 9 олган суратлар сифатига кўра iPhone 7 Plus олган суратлар сифатидан асло қолишмайди. Ҳатто баъзи жиҳатларда айфондан яхшироқ.

Honor 9’нинг яна бир ўзига хослиги — бу нархи. 16 июндан Хитой бозорига унинг энг қуйи жиҳатларга эга талқини, яъни 4/64 ГБ хотирали талқини $338, 6/64 гигабайтли хотира талқини $390, энг юқори — 6/128 ГБ версияси эса $441 АҚШ долларидан сотувга чиқарилган эди.

Гаджет кам сонда бўлса ҳам, юртимизга ҳам олиб келинмоқда. Ҳозирча унинг энг қуйи талқини учун Ўзбекистонда 390 АҚШ доллари, ўртача талқини (6/64) учун эса 3 миллион сўмгача нарх белгиланган.

Шуҳрат Сатторов

Журналист ва таржимон, 2012 йилдан ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритиб келмоқда. Мобиль технологиялар, коммуникация, "электрон ҳукумат" тизими йўналишларида илмий изланиш олиб боради.