YouTube’да махфий тунги режимни ёқишни ўрганамиз

  •   DiMaX
  •  2354
  •  15.04.2017 11:19

YouTube’да махфий тунги режимни ёқишни ўрганамиз

Google мунтазам тарзда ўз дастур ва сервислари устида ишлаб боради – уларга янги функциялар қўшади, кўринишини яхшилайди. Одатда, бу каби янгиликлар аввал тор доирадаги фойдаланувчилар орасида синаб кўрилади. Ҳар томонлама синовдан ўтказиб олгач, компания уларни кенг фойдаланувчилар оммасига тақдим этади.

Эътиборли фойдаланувчилардан бирининг аниқлашича, YouTube сервисида ҳозирча кенг оммадан махфий тутилаётган қора рангли интерфейсни ёқиш имконияти туғилган. Бу янгиликни у дарҳол Twitter орқали маълум қилган.

Сиз ҳам YouTube интерфейсини шунақа тўқ рангларга ўзгартиришни истасангиз, унда бунинг йўлини қуйида ўргатамиз.

Chrome браузерини ёқиб, унда қуйидаги амалларни бажарасиз:

  1. YouTube сервисининг саҳифасини очинг. Эслатма: унга ўз аккаунтингиз билан киришингиз керак.
  2. Агар компьютерингиз Windows операцион тизимида бўлса, Ctrl + Shift + I тугмачаларини, Mac тизимида бўлса, Option + Cmd + I тугмачаларини босинг.
  3. Браузер ойнасида дастурчиларга мўлжалланган – жиҳозлар мавжуд панель очилади. Шу ердаги Console варақасига ўтинг.
  4. Консолга қуйидаги матнни нусхалаб ташланг:

document.cookie="PREF=f6=4;path=/;domain=.youtube.com";

  1. «Enter» тугмачасини босинг, жиҳозлар панелини ёпинг ва саҳифани янгиланг. YouTube интерфейси сал ўзгачароқ кўриниш олганини сезгандирсиз? Лекин у ҳалиям олдингидек ёрқин тусда. Уни тунги режим – қора тусга ўтказиш учун давом этамиз.
  2. Юқори ўнг бурчакдаги ўз аккаунтингиз аватарини босинг. Пастга очилган менюда тунги режимни билдирувчи «Ночной режим» бандини фаоллаштиринг. Дарҳол саҳифа туси қора рангга ўтиб олади.

Мазкур режим тунда компьютерда ўтирганча, YouTube’да видеолавҳалар кўрадиган фойдаланувчиларга жуда мос келади. Зеро, атроф нисбатан қоронғи бўлган пайти экран ўта ёруғ бўлса, кўзимиз кўпроқ зўриқади. Шунингдек, батареядан қувват олаётган пайти ноутбукнинг қувватини тежашда ҳам бу режим асқотади.

Агарда қора ранглар ёқмай қолса, исталган пайти юқоридаги кўрсатилган усулда тунги режимни ўчириб қўйиш мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.