«Юбилей айфони»даги хатони ҳам Apple расман тан олди!

«Юбилей айфони»даги хатони ҳам Apple расман тан олди!

Apple компанияси янги iPhone X флагманида татбиқ этилган Face ID – юзни таниш функцияси билан боғлиқ хатони расман тан олди. Бу ҳақда компания расман эълон қилган pdf форматли ҳужжатда маълумот берилган.

Мазкур функция смартфон соҳибининг юзини инфрақизил датчикли камера ёрдамида сканерлаш орқали таниб, блокировкани шу билан очишга хизмат қилади. Бироқ унинг тақдимот маросимидаёқ Face ID ишламай қолиб, анча гап-сўзларга сабаб бўлган эди. Бу тўғрида турли фикрлар кўпаявергач, компания ноилож, шундай муаммо юзага келиши мумкинлигини расман эътироф этишга мажбур бўлди.

Apple эълон қилган ҳужжатда айтилишича, эгизакларнинг, шунингдек, шунчаки ўзаро ўхшаш ака-укалар ёки опа-сингилларнинг юзларини танишда Face ID адашиши мумкин. Булардан ташқари, яна 13 ёшдан кичик болаларнинг юзларини танишда ҳам мазкур функция адашиши эҳтимоли бор, чунки уларнинг юз бичимлари тўлиқ шаклланиб улгурмаган.

Умуман олганда, буларни Apple муаммо деб ҳисобламаяпти ва шунчаки, шу каби ҳолатлар юзага келса, смартфонни парол билан ҳимоялашни тавсия этяпти.

Эслатиб ўтамиз, Apple Watch Series 3 смарт-соатларида юзага келган нуқсон сабабли купертинолик гигант расман баёнот бериб, айбини тан олган эди. Шунингдек, iPhone 8 ҳамда iPhone 8 Plus эгалари ҳам телефонда гаплашиш чоғида динамикдан жонга тегувчи шовқин чиқаётганидан нолишган ва мазкур нуқсон дастурий таъминот билан боғлиқлигига ҳам Apple иқрор бўлган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.