Юзни асранг, энди Facebook’ка айнан у билан кирасиз!

Юзни асранг, энди Facebook’ка айнан у билан кирасиз!

Facebook компанияси худди iPhone X’даги Face ID каби, ўзининг юзни сканерлаш тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу тўғрида, ижтимоий тармоқ жамоасидаги манбаларга таянган ҳолда, TechCrunch нашри ёзаётир.

Ижтиомий тармоққа киришда шахсни тасдиқлашнинг бу янги усулини ҳозирча, икки босқичли аутентификациялаш функциясига уланган телефони ёнида бўлмаган фойдаланувчилар ўз аккаунтига тезкорликда киришларини таъминлаш учун тақдим этилади.

 «Биз янги функцияни, ўз аккаунтига кириш учун шахсини тезда ва осонлик билан тасдиқлашни истаган фойдаланувчилар учун синовдан ўтказяпмиз, – дейишган Facebook вакиллари. – Мазкур функция фақатгина, олдин ҳам айни шу аккаунтга кирилган қурилмаларда ишлайди. Юзни тасдиқлаш орқали аккаунтга кириш – икки босқичли аутентификациялаш билан бирга қўшимча ҳимоя чораси бўлиб хизмат қилади».

Ушбу технология ҳозирда синов босқичида амалга оширилмоқда. Агарда у шахсни тасдиқлашнинг етарлича хавфсиз усули сифатида ўзини намоён эта олса, дастурчилар уни оммавий фойдаланиш учун тақдим этишлари мумкин. Айни дамда Facebook фойдаланувчи шахсини тасдиқлашнинг бир нечта вариантини қўллаб келаётир, аммо уларнинг ишончлилигидан хотиржам эмас.

Айтиш керакки, Face ID функцияси Apple’нинг «юбилей айфони»да жорий этилган, аммо тақдимот маросимидаёқ бу функция ишламай қолиб, анча гап-сўзларга сабаб бўлган эди. Кейинчалик компания бу хатосини расман тан олган. Huawei эса бу борада Apple’нинг устидан кулиб видеолавҳа ҳам тайёрлаган ва ўзининг янги флагманида Face ID’нинг ҳақиқий намунасини кўрсатишига шама қилган. Бу қурилма Huawei’нинг ўз ишланмаси бўлмиш, сунъий идрокка эга Kirin 970 процессори базасида ишлайди ва компания у тўғрисида: «Mate 10 – бу шунчаки смартфон эмас, балки онгли машинадир», дея мақтанмоқда.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.