ZEISS камерали Nokia 7 тақдим этилди: ажойиб дизайн қулай нархда! (+видео)
HMD Global компанияси келгуси йил намойиш қилиниши кутилаётган Nokia 7 смартфонини кутилмаганда бугун – 19 октябрда тақдим этди. Ўрта нарх тоифасидаги ушбу қурилманинг тақдимот маросими Хитойда бўлиб ўтди, деб ёзади GizmoChina.
Дизайн
Nokia 7 – мазкур компаниянинг шиша ва алюминий бирлашмасидан ясалган корпусга эга илк смартфонидир. Унинг орқа панели уч қатламли Gorilla Glass 3 3D-шишаси билан қопланган, унинг атрофини эса 7000 сериясидаги алюминий ром ўраб туради. Қурилма IP54 стандартига кўра намдан ҳимояланган.
Худди ҳозирги флагман Nokia 8 каби, Nokia 7 ҳам дисплейнинг устки ва пастки қисмларида кенг ромга эга. Остки панелида сенсорли Android бошқарув тугмачалари жойлашган.
Тақдимот маросимида Nokia 7 икки хил – оқ ва қора рангларда намойиш этилган.
Nokia 7 смартфонининг техник хусусиятлари:
- Дисплей: 5,2 дюймли, 1920x1080 пикселли Full HD IPS-экран;
- Процессор: 8 ядроли Snapdragon 630;
- Хотира: 4/6 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий;
- Асосий камера: f/1,8 диафрагмали ва икки тусдаги LED-чақноқли, 16 мегапикселли ZEISS объективи;
- Олд камера: f/2.0 апертурали, кўриш бурчаги 84 даражали, 5 мегапикселли объектив;
- Аккумулятор: 3000 мА/соат, 9В/2А тезкор қувватлаш технологияси;
- Операцион тизим: Android 7.1.1 Nougat;
- Ўлчамлари: 141,2 х 71,45 х 7,92 мм.
Бошқа жиҳатлари
Nokia 7’нинг ўзига хосликларидан бири Dual-sight технологиясини қўллаб-қувватлашидир. У бир вақтнинг ўзида асосий ва олд камераларни баравар қўллаган ҳолда фото ва видео тасвирга олиш имконини беради. HMD Global бундай видеороликларни «Bothies» деб номлаган.
Смартфондаги OZO технологияси «360-даражали» овоз ёза билади.
Шунингдек, Nokia 7 орқа панелида бармоқ изи сканерига, USB-C портига, 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқишига ва LTE-модемига эга. У симсиз алоқанинг Wi-Fi 802.11ac, Bluetooth v5.0, NFC ҳамда GPS интерфейсларини қўллаб-қувватлайди.
Чиқиш вақти ва нархлари
Nokia 7 ўз «ватани» – Хитойда 24 октябрдан сотувга чиқади. Унинг 4 гигабайт ҳажмли тезкор хотирага эга моделига 2499 юань (тахминан 377 АҚШ доллари), тезкор хотираси 6 гигабайтлик ҳажмга эга талқинига эса 2699 юань (тахминан 407 доллар) нарх белгиланган.
Мана, қуйида смартфонни «жонли» видеода кўришингиз мумкин:
Смартфоннинг глобал савдоси қачон бошланиши ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.