Зўр ҳимояланган Galaxy Tab Active 2 планшети чиқди

Зўр ҳимояланган Galaxy Tab Active 2 планшети чиқди

Samsung Electronics компанияси Galaxy Tab Active ҳимояланган планшетининг иккинчи авлодини тақдим этди. Бу ҳақда ишлаб чиқарувчининг сайтида маълумот берилган.

Айтиш керакки, оригинал Galaxy Tab Active 2014 йили чиқарилган бўлиб, у дастлабки даражадаги техник хусусиятларга, шунингдек чанг, сув ва зарбадан ҳимояга эга.

Samsung Galaxy Tab Active 2 қурилмаси диагонали 8 дюймли, WXGA сифатли (1280x800 пикселли) TFT-дисплей билан жиҳозланган. Унинг асосий камераси 8, олд камераси эса 5 мегапикселли сиғимга эга. Планшетнинг бармоқ изи сканери «Уйга» тугмачасида жойлашган. Девайснинг «юраги» – 1,6 ГГц такт частотасида ишловчи, саккиз ядроли Samsung Exynos 7870 процессори. Тезкор хотираси 3 ГБ, доимий флеш-хотираси эса 16 ГБ ҳажмли бўлиб, унга яна 256 гигабайтгача ҳажмли microSD хотира картаси қўйиш имкони мавжуд. Galaxy Tab Active 2’нинг ажойиб жиҳатларидан яна бири – 4450 мА/соат сиғимли аккумуляторидир.

Планшет ҳарбий MIL-STD-810G стандарти бўйича босимдан, ҳароратнинг ўта кўтарилиб ва пасайиб кетишидан, зарба, титраш ва бошқалардан муҳофазаланган. Шунингдек, у IP68 даражасида чанг ва сувдан ҳам ҳимояланган. Дисплей нам бармоқ билан ҳам, қўлқоп кийган ҳолда ҳам бошқаришни қўллаб-қувватлайди. Гаджетга илова этилган S Pen стилуси ҳам IP68 сертификатига эга.

Иккинчи авлод Galaxy Tab Active қурилмаси симсиз алоқанинг LTE Cat.6, Wi-Fi (802.11 a/b/g/n/ac), Bluetooth 4.2, NFC, GPS ва ГЛОНАСС каби интерфейсларини қўллаб-қувватлайди. Ҳозирда флагманлар учун трендга айланган USB 2.0 Type-C портига эга. Планшет Android 7.1 Nougat операцион тизим бошқаруви остида ишлайди. Унинг ўлчамлари 214,7x127,6x9,9 миллиметрга, вазни эса 415 граммга тенг.

Samsung Galaxy Tab Active 2 шу ойнинг охирларида айрим мамлакатлар бозорларига чиқарилади. Европа учун унинг нархи 500 еврони ташкил этади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.