ZTE iPhone X'даги инновацияга эга $120 долларлик смартфон тақдим қилди

ZTE iPhone X'даги инновацияга эга $120 долларлик смартфон тақдим қилди

Бу йил қўш камерали смартфонлар тўлиқ урфга кирди. Арзон, қиммат "ақлли телефон"ларда ҳам қўшалаб, ҳатто тўртталаб камералар ўрнатила бошланди. ZTE компанияси ҳам арзон смартфонларида 2 объективли камераларни татбиқ қилмоқда. Кеча тақдим қилинган ZTE Blade A3 ҳам арзон бўлиш баробарида, бирмунча замонавий технологияларга эга бўлган. Жумладан, унинг селфи-камераси 2 та.

Янги смартфон дизайни шу нархдаги бошқа гаджетлар билан таққослаб кўрганда, пухта ва шинам услубда тайёрланган. Корпус асосан пластик хомашёсидан тайёрланган. Девайснинг HD сиғимли экрани диагонали 5,5 дюйм. Унинг платформа самарадорлиги учун масъул 4 ядроли МТ6737Т процессори (1,5 ГГц), 3 Гб тезкор ҳамда 32 Гб доимий хотира мавжуд.

ZTE Blade A3'нинг диққатни тортувчи жиҳатлари қаторида 4000 мА соат ток сиғимига эга батарея, қўш олд камерани, бармоқ изи сканери, 128 гигабайтгача хотира картасига мўлжалланган microSD флешкасини ҳамда 2 та алоҳида SIM-карта бўлмаларини айтиш мумкин. Смартфон Wi-Fi, 4G LTE ҳамда бошқа замонавий тармоқларда фаолият кўрсатади. ZTE Blade A3 учун Android 7.0 Nougat'нинг ўзлаштирилган талқини ишлаб чиқарилган.

5 Мп + 2 Мп аниқлигидаги ушбу камерада селфиларни ҳам орқа фонни ғира-шира қилиб олиш мумкин. Шунингдек, олд камера ўзининг фоточақноғига ҳам эга бўлган. Бош камера эса 13 мегапикселли.

ZTE Blade A3'даги яна бир муҳим функция -- "Face Unlock" технологияси. Яъни iPhone X каби юз-қиёфа орқали телефонни блокировкадан чиқариш мумкин. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, бу технология ишончли ва тезкор. Компаниянинг фикрича, ZTE Blade A3 бу технологияга эга бўлган $120 долларлик ягона смартфон.

ZTE Blade A3 6 ноябрдан $120 доллар баҳосида сотувга чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!