iPhone қотиб қолса, уни мажбуран ўчириб-ёқишни биласизми?
Айрим ҳолларда смартфонлар турли сабабларга кўра ишламасдан – «қотиб» қолади. На экрандаги силашларингизга, на тугмачаларни босишингизга жавоб реакцияси кўрсатмай қўяди. Шунда уни мажбуран ўчириб-ёқишга тўғри келади, аммо уни ўчириш тугмачасини босиш ҳам фойда бермаслиги мумкин...
ЎҚИНГ: Смартфонингиз «қотиб» ишлаётган бўлса...
Қанчалик пухта ишланган бўлмасин, iPhone’ларда ҳам шундай ҳолатлар учраб туради. Шундай ҳолларда уни ҳам «хард ресет» – «hard reset» қилиш орқали кўплаб муаммоларни бартараф этса бўлади.
Хўш, iPhone’ларда хард ресет қандай амалга оширилади? Айфоннинг моделига боғлиқ ҳолда, бунда икки усулдан бирини қўллаш мумкин.
iPhone 7 ва ундан олдинги моделларда
Мазкур русумлардаги айфонларда хард ресет қилиш учун, «Уйга» тугмачаси ҳамда смартфонни ўчириб-ёқиш тугмачасини бирданига босганча ушлаб туриш керак. Шу ҳолда тугмачаларни тахминан 10 сонияча бараварига босиб турилса, экранда Apple логотипи пайдо бўлади, кейин уларни қўйиб юборасиз.
ЎҚИНГ: iPhone ёки iPad кэши ва хотирасини тозалаймиз
iPhone 8 ҳамда iPhone X моделларида
Купертинолик корпорация iPhone 8 туркумидан бошлаб ўз смартфонларини мажбуран ўчириб-ёқиш усулини ўзгартирган. Демак, iPhone 8, iPhone 8 Plus ва iPhone X моделларида «hard reset» қилиш учун қуйидаги амалларни шу кетма-кетликда бажарасиз:
- Овозни баландлатиш тугмачасини битта босиб, тезда қўйиб юборасиз.
- Энди овозни пастлатиш тугмачасини битта босиб, дарров қўйиб юборасиз.
- Корпус ён қиррасидаги – смартфонни ўчириш-ёқиш тугмачасини босганча ушлаб турасиз. Экранда Apple логотипи кўрингач, қўйиб юборасиз.
Айтиш керакки, мажбуран ўчириб-ёқиш усули iPhone’ларда кўплаб ўткинчи муаммоларни ҳал этиши мумкин. Аммо, агарда смартфондаги муаммо шундан кейин ҳам сақланиб қолса, кейин бошқа чораларни кўришингиз ёки устасига мурожаат этишингиз мумкин.
ЎҚИНГ: Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?