Windows’нинг кўпчилик билмайдиган учта қулай функцияси

  •   DiMaX
  •  3876
  •  23.02.2019 15:57

Windows’нинг кўпчилик билмайдиган учта қулай функцияси

Microsoft дастурчилари Windows операцион тизимига мунтазам тарзда янги функциялар жорий этиб келишади. Аммо фойдаланувчилар кўпинча улардан бехабар қолишади ва бу қулайликлардан фойдаланишмайди.

ЎҚИНГ: Бегона кўздан сақлаш учун Windows’да файллар ва жилдларни сурат файлига яширамиз

Бугун аксарият юзерлар фойдаланмайдиган шундай функциялардан учтаси ҳақида маълумот бермоқчимиз.

1. Экран лупаси

Экрандаги тасвирни катталаштириб кўрсатувчи жиҳоз – Экран лупаси ҳақида айримлар умуман эшитмаган ҳам бўлса керак. Лекин бир ишлатиб кўрсангиз, унинг қанчалик фойдали эканлигига ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Ушбу лупани энди тугмачалар комбинациялари орқали ҳам фаоллаштириш ва ўчириш мумкин бўлади:

  • Win + «+» (рақамлар панелидагиси) – Экран лупасини ёқиш, иккинчи марта босганда тасви 200 фоизга катталашади.
  • Win + «-» (рақамлар панелидагиси) – масштабни кичрайтириш.
  • Win + Esc – Экран лупасини ўчириш.

Экран лупаси браузердаги Ctrl +/- комбинациясидан кўра қулайроқ, чунки Win + «+» комбинацияси ҳеч бир истисносиз барча дастурларда ишлайди.

2. Сичқончани клавиатурадаги тугмачалар орқали бошқариш

Баъзида сичқонча ишламай қолиши мумкин, шундай ҳолларда компьютерда ишлаш қийин бўлади. Ноутбукларда-ку буни тачбар орқали амалласа бўлади, десктоп компьютерларда-чи?

Windows 10 тизим талқинида буни рақамлар панелидаги тугмачалар орқали амалга оширса бўлади. Бунинг учун Win + I тугмачалар комбинациясини босиб, «мышь» сўзини терасиз. Курсорни силжитиш стрелкалари орқали «Включение и отключение управления указателем мыши с клавиатуры» бандини очасиз.

Ушбу функцияни ҳам, сўнг Ctrl тугмачаси босилганида курсорнинг ҳаракатини тезлаштиришни ҳам ёқиб қўясиз.

Энди Num Lock босиб қўйилган ҳолда экрандаги сичқонча кўрсаткичини нисбатан қулай силжита оласиз. Бунда «2», «4», «6», «8» клавишлари сичқонча курсорини тегишли йўналишда ҳаракатлантирса, «0» (ноль) – сичқончанинг оддий (чап) тугмачаси, «5» эса – ўнг тугмачасининг вазифасини бажаради.

3. Тайм-лайн – сўнгги амаллар ва очилган дастурлар рўйхати

Windows 10 тизимли қурилмангизда Win + Tab тугмачаларини бараварига боссангиз, янги – тайм-лайн режими очилади. Унда энг сўнгги очилган дастурлар ва ҳужжатлар акс этади, ўнг томондаги скроллни пастга суриб, бугун, кеча ва олдинги кунлари шу компьютерда очилган файллар рўйхатини кўра оласиз.

Шунингдек, бу режимда юқори чап бурчакдаги тугмача орқали янги иш столи ярата оласиз, сўнг эса айни шу Win + Tab тугмачалари комбинацияси ёрдамида уларнинг биридан бошқасига ўтаверасиз.

ЎҚИНГ: Windows’да файлни очмасдан туриб унинг ичидагиларни тезкор кўриш йўли бор!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!