Отабек Умаров ҳайдайдиган "Tesla" қандай автомобил?

Отабек Умаров ҳайдайдиган

Ўзбекистон президентининг куёви Отабек Умаров Тошкент кўчаларида автомашинани тезликни ошириб ҳайдагани ва бунинг учун ўз ихтиёри билан жарима тўлагани сўнгги кунларда анча шов-шувларга сабаб бўлди. Қонунбузарлик айнан "Tesla" автоуловида содир этилган.

Шахсан ўзим "Tesla"нинг ашаддий ишқибозиман. "Tesla" ёш компания. Унга 2003 йилда АҚШда асос солинган. Унинг раҳбари ва асосчиларидан бири асли жанубий африкалик Илон Маск. Миллиардер ва инқилобий фикр ва ишлари билан таниқли Маскнинг ўзи ҳақида кўп гапириш мумкин. Бу ҳақда балки келгусида ёзаман. Ҳозир эса бемалол келажак автомобили деб аташ мумкин бўлган "Tesla" ҳақида гаплашамиз.
Илон Маск "Roadster"нинг янги версиясини тақдим қилмоқда.
Tesla - келажак автомобили

Аввало, "Tesla"нинг барч автомобиллари 100 фоиз электр токига ишлайди. Атроф-муҳит учун тоза ва анча камхарж. Машинада мотор ва батареядан бошқа деярли ҳеч нарса йўқ. Ёғ-мой деган нарсалар ҳам мавжуд эмас. "Тесла" батарея ва мотор учун 8 йил гарантия беради. Айтишларича, мотор 1,5 миллион километргача ҳеч қандай таъмирсиз юра олади.

Иккинчидан, "Tesla" электромобилларини тўртта ғилдирик устидаги компютерга ўхшатишади. Компютерингиз ёки телефонингиз операцион тизимини тез-тез янгилаб борганингиздек, "Тесла" ҳам автомобилларига ўрнатилган бошқарув тизимини ҳаво орқали, яъни интернет орқали энг сўнгги янгиланишлар билан таъминлаб туради. Яъни, машинангизда кутилмаган қўшимча янги хусусиятлар пайдо бўлиб қолиши мумкин. Ҳатто батареяси захираси кўпайиши, тезлик олиши янада кучайиши каби янгиланишларни ҳам мана шундай "упдате"лар орқали амалга ошириш мумкин.

Учинчидан, бензин ва дизелга юрадиган ўтмиш автомобилари уёқда турсин, дунё бозорида етакчи бўлган гегемон автозаводлар энди-энди тақдим этаётган электромобиллар технологияси "Tesla"никидан камида 5-10 йил орқада. Электромобиллар бозорида "Tesla"ни ҳозир рақибсиз яққол пешқадам деб бемалол айта оламиз.
Энди "Tesla" тақдим этаётган моделлар ҳақида

"Tesla" айни пайтда учта моделни сотувга чиқарган. Булар: Model S, Model X ва Model 3. Компания яратган илк автомобил Roadster суперкари эди, лекин у бугун сотувда мавжуд эмас. Роадстернинг янги авлоди тақдим қилинган, лекин ҳали сотувга чиқмади. Роадстернинг биринчи нусхаси "Space X" (Бу компания ҳам Илон Маскка қарашли) ракетасида самога учирилган. Айни пайтда у ҳатто Марсдан ҳам нарига ўтиб кетибди. Айтганча, Марсга учиш Илон Маскнинг азалий орзуси. 
Tesla Model S

Model S седан автомобили 2,4 секундда 100 км/соат тезликка чиқади. Батарея захираси бир марта тўлиқ зарядланганда 600 км.гача етади. "Tesla" яқинда жорий этган янги авлод Supercharger (зарядлаш) марказларида 15 дақиқада батареяни 80 фоизга тўлдириш мумкин. Model S нинг бошланғич баҳоси 80 минг доллар.
Tesla Model X

Model X кроссовер туркумидаги автомобил бўлиб, лочин қанотига ўхшаб очиладиган ўзига хос эшиклари билан машҳур. У 2,7 секундда 100 км/соат тезликка чиқади. Батарея захираси 500 километрдан ортиққа етади. Нархи 85 минг доллардан бошланади.
Tesla Model 3

Model 3 "Tesla"нинг энг сўнгги ва энг арзон модели. Бошланғич нархи 39 минг доллар. 35 минг долларлик версияси ҳам бор, лекин у ҳали сотувга чиқмаган. Модел 3 сотувга чиққанига бор-йўғи бир йилча бўлди, аммо ҳозир энг кўп сотилаётган модел шу. Модел 3 кўрсаткичлари ҳам жуда яхши: 3,2 секундда 100 км/соат тезликка чиқади ва батарея захираси қарийб 500 км.гача етади.

Бундан ташқари, "Tesla" Model Y номли ихчам кроссовер ҳам тақдим этган, лекин ҳали сотувга чиқмади. Унинг бошланғич баҳоси 45 минг доллар бўлиши кутиляпти.
Tesla Model Y
Tesla Model Y
Шунингдек, "Tesla" оғир юк автомобилларини ҳам ишлаб чиқармоқчи. 30-40 тонна юк ташийдидан оғир техникага фақат батареяда юрадиган мотор ўрнатиш ва батареянинг 100 километрлик захирага эга бўлиши автосаноатда инқилобий ҳодиса. Шу боис кўпчилик "Tesla" юк машиналарининг техник хусусиятига ҳануз шубҳа билан қарамоқда. Бу юк машиналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бошланган, лекин ҳали савдога чиққани йўқ.
"Tesla Semi" оғир юк автомобили
Отабек Умаров "Tesla"нинг қайси моделини ҳайдаши ҳақида менда маълумот йўқ. Унинг ўзи тарқатган видеодан кўринишича, у кўп эҳтимол билан Model S ҳайдайди. Model S ва Model X'нинг ички дизайни бир-бирига ўхшаш бўлгани учун, аниғини билиш қийин. Унинг номига ёзилган жарима қоғозида ҳам автомобилнинг қайси русумда экани аниқ айтилмаган.

Лекин Отабек Умаровнинг машина танлашдаги диди чакки эмас экан. :)

P.S.: Ўзбекистонда келаси йилдан бошлаб электромобилларга импорт божи бутунлай олиб ташланди. Фақат ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи - айни пайтда 20% ) тўланса бас. Демак, Ўзбекистонга ҳам энди, қурбингиз етса, "Tesla" автомобилларини олиб киришингиз мумкин.