Ўзбекистон ҳатто Google, Яндекс, AliExpress ва Netflix’га ҳам солиқ солмоқчи!

  •   DiMaX
  •  1526
  •  04.09.2019 09:00

Ўзбекистон ҳатто Google, Яндекс, AliExpress ва Netflix’га ҳам солиқ солмоқчи!

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди. Kun.uz нашри унинг айрим жиҳатларига эътибор қаратган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда блогерларга солиқ солишмоқчи, бўйин товласа – смартфон ёки компьютерини тортиб олишади!

293-моддага (Электрон шаклдаги хизматлар кўрсатиш чоғида чет эллик юридик шахслар томонидан ҳисоботларни тақдим этиш ва солиқ тўлаш) кўра, солиқ ҳисоботи чет эллик юридик шахслар томонидан солиқ органига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали белгиланган формат бўйича электрон шаклда тақдим этилади.

Ушбу чет эллик юридик шахслар томонидан солиқ органига ҳужжатларни (ахборотни) ва маълумотларни тақдим этиш учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш мумкин бўлмаган даврда бундай ҳужжатлар (ахборот) ва маълумотлар телекоммуникация алоқа каналлари орқали тақдим этилади.

Солиқ ҳисоботлари, ҳужжатлар (ахборот) ва маълумотлар ўтган солиқ давридан кейинги ойнинг 15-кунидан кечиктирмай тақдим этилади.

Чет эллик юридик шахслар томонидан солиқни тўлаш солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади.

ЎҚИНГ: Блогернинг смартфонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди

Ушбу бўлимни қўллаш мақсадларида ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда жаҳон Интернет ахборот-телекоммуникация тармоғидан автоматик усулда фойдаланиш орқали кўрсатилган хизматлар электрон шаклдаги хизматлар жумласига киради. Электрон шаклдаги хизматлар жумласига қуйидагилар киради:

дастурий таъминотдан (шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказиб бериладиган ўйинлардан), маълумотлар базаларидан, уларга киритиладиган янги маълумотлардан ва қўшимча функционал имкониятлардан Интернет тармоғи орқали, шу жумладан улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан фойдаланишга доир ҳуқуқлар тақдим этиш;

электрон китоблардан (нашрлардан) ва бошқа электрон нашрлардан, ахборот, таълимга оид материаллардан, график тасвирлардан, матнли ёки матнсиз мусиқа асарларидан, аудиовизуал асарлардан фойдаланиш ҳуқуқини Интернет тармоғи орқали, шу жумладан Интернет тармоғи орқали кўриб чиқиш ёки эшитиш учун улардан масофадан туриб фойдаланиш имконини бериш йўли билан тақдим этиш;

Интернет тармоғида, шу жумладан электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлардан ва Интернетда ишлаб турган маълумотлар базаларидан фойдаланган ҳолда рекламага оид хизматлар кўрсатиш, шунингдек Интернет тармоғида реклама учун рекламага оид майдон (жой) ва вақт бериш;

Интернет тармоғида товарларни (ишларни, хизматларни), мулкий ҳуқуқларни олиш (реализация қилиш) тўғрисида таклифлар жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш;

Интернет тармоғи орқали сотувчилар ва харидорлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва битимлар тузиш (шу жумладан потенциал харидорлар автоматлаштирилган тартиб-таомил воситасида ўз нархини таклиф этадиган ҳамда тарафлар автоматик тарзда тузилиб юбориладиган хабар орқали сотув тўғрисида хабардор қилинадиган реал вақт режимидаги Интернет тармоғида ишлаб турган савдо майдончасини бериш) учун ахборот технологиялари ва тизимларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган техник, ташкилий, ахборот имкониятларини ва бошқа имкониятларни бериш бўйича хизматлар кўрсатиш;

ўз мақсадлари учун ёки иқтисодий фаолиятни амалга ошириш мақсадларида Интернет тармоғида ҳозир бўлишни таъминлаш ва (ёки) сақлаб туриш, фойдаланувчиларнинг электрон ресурсларини (сайтларини ва (ёки) Интернет тармоғидаги сайтлари саҳифаларини) сақлаб туриш, Интернет тармоғидан бошқа фойдаланувчиларнинг уларга киришини таъминлаш, фойдаланувчиларга уларни ўзгартириш имконини тақдим этиш;

дастурнинг масофадан ва онлайн режимида ишлашини автоматик тарзда сақлаб туриш, Интернет тармоғидаги ахборот тизимларини, сайтларни маъмурий жиҳатдан бошқариш юзасидан хизматлар кўрсатиш;

ахборотни тақдим этган шахс ундан Интернет тармоғи орқали фойдаланиш имконига эга бўлса, ушбу ахборотни сақлаш ва унга ишлов бериш;

ахборот тизимида ахборотни жойлаштириш учун реал вақт режимида ҳисоблаш қувватини тақдим этиш;

домен номлар бериш, хостинг хизматларини кўрсатиш;

Интернет тармоғи орқали харидор томонидан маълумотлар киритилаётганда автоматик усулда юзага келадиган ахборотни етказиб бериш, маълумотларни қидириш, сўровларга кўра уларни саралаш ва ажратиш, ахборот-коммуникация тармоқлари орқали мазкур маълумотларни (шу жумладан фонд биржасининг реал вақт режимидаги маълумотлари, матнларнинг автоматлаштирилган таржимасини реал вақт режимида амалга ошириш) фойдаланувчиларга тақдим этиш бўйича автоматлаштирилган хизматлар кўрсатиш;

потенциал харидорлар тўғрисидаги ахборотни қидириш ва (ёки) буюртмачига тақдим этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

Интернет тармоғидаги қидирув тизимларидан фойдаланиш ҳуқуқини тақдим этиш;

Интернет тармоғидаги сайтларда статистикани юритиш.

Электрон шаклдаги хизматлар жумласига, хусусан, қуйидагилар кирмайди:

1) агар Интернет тармоғи орқали буюртма берилганда товарлар етказиб бериш (хизматлар кўрсатиш) аслида Интернет тармоғидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бўлса, товарларни (хизматларни) реализация қилиш;

2) электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни ва моддий ташувчилардаги маълумотлар базаларини реализация қилиш (улардан фойдаланиш ҳуқуқларини тақдим этиш);

3) электрон почта бўйича маслаҳатга оид хизматлар кўрсатиш;

4) Интернет тармоғидан фойдаланиш имконини бериш бўйича хизматлар кўрсатиш.

Ўзбекистон Интернет-сегментида бундай хизматлар Google, Яндекс, Alibaba (AliExpress), Netflix каби компаниялар томонидан тақдим этилади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, 2017 йилда Россия хорижий интернет-компаниялар учун солиқ жорий этган. Google ва Apple каби компаниялар Россияда 18% ҚҚС тўлайди. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам интернет-компаниялар учун солиқ жорий этиш ниятида эканини маълум қилган.

ЎҚИНГ: Ниҳоят, «Яндекс.Новости»да ўзбекча янгиликлар пайдо бўлади