Telegram’да янги танлов: соврин жамғармаси 100 000 доллар!

  •   DiMaX
  •  3143
  •  21.11.2019 09:56

Telegram’да янги танлов: соврин жамғармаси 100 000 доллар!

Оммабоп Telegram мессенжери жамоаси янгиликларни ранжировка қилиш учун алгоритм яратиш танловини эълон қилди. Танловнинг биринчи босқичига ажратилган соврин жамғармаси юз минг АҚШ долларига тенг.

ЎҚИНГ: Telegram’ни ўзбекчага ўгиришда кўмаклашинг!

Тушунтириш бериб ўтсак: ранжировка (ранжирование) бу – сайт саҳифасини баҳолаш ва фойдаланувчи сўровига кўра қидирув натижаларида унинг ўрнини аниқлаш жараёнидир.

Telegram расмий эълонига кўра, дастурчилар тайёрлайдиган алгоритм барча инглиз тилли ва рус тилли матнларни белгилаши, кейин улар орасидан фақат янгиликларни қолдириши, сўнг шуларни еттита тоифа (жамият, иқтисодиёт, кўнгилочар, фан, спорт ва ҳоказо) бўйича саралаши лозим. Бундан ташқари, материаллар муҳимлигига кўра сараланиши ҳамда умумий сарлавҳа остида сюжетларга бирлаштирилиши ҳам керак.

Танлов иштирокчиларига standalone-илова яратиш учун икки ҳафта муҳлат берилган. Аризаларни қабул қилишнинг сўнгги муддати – 2019 йилнинг 2 декабри, Москва вақти билан соат 22:50 ҳисобланади, Тошкент вақти билан эса бу 3 декабрга ўтар тундаги соат 00:50 га тўғри келади. Дастурчилар шу муддатгача ўз ишланмаларини @jobs_bot махсус ботига юборишлари лозим.

Таъкидлаш керакки, Telegram аввалроқ мессенжернинг соддалаштирилган веб-версиясини ишлаб чиқиш бўйича ҳам танлов эълон қилган, унинг соврин жамғармаси эса 200 минг АҚШ долларига тенг. Марҳамат, дастурчилар ушбу икки танловда ўз маҳоратларини намоён этишлари ва бундан яхши даромад олишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Telegram янгиланди. Янги талқинда қандай ўзгаришлар бўлади?

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!