Xiaomi III чоракдаги даромадларини эълон қилди. Смартфонлар савдоси камайди

Xiaomi III чоракдаги даромадларини эълон қилди. Смартфонлар савдоси камайди

Xiaomi'нинг даромадлари 2019 йилнинг учинчи чорагида 7.63 миллиард долларга етиб, компаниянинг ҳозиргача эришилган энг юқори натижаси бўлди. Аммо, масаланинг қизиқ томони, хитойлик техногигантнинг даромади ўсишига сабаб Интернет нарсалар (IoT) ва Smart Home (ақилли уй) бўлими маҳсулотлари бўлган бўлса, смартфонлардан келадиган даромад бироз пастлаган.

Смартфонлар савдосидан келган даромад ҳанузгача 4.59 миллиард АҚШ доллари билан умумий савдоларнинг асосий қисмини ташкил этади. Бироқ, компаниянинг смартфонлардан тушган фойдаси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,8 фоизга камайган. Учинчи чоракда Xiaomi 32,1 миллион дона смартфон сотган, бу унга дунёда тўртинчи ўринни эгаллашга имкон берди (Canalys маълумотларига кўра, бозорнинг 9,2% ини ташкил қилди).

Интернет нарсалар ва бошқа маиший электроника савдосидан келган даромад 2,22 миллиард долларни ташкил қилди, яъни бу бўлимдан келган умумий даромад ўтган йилнинг шу чорагига нисбатан 44,4 фоизга ўсди. Ҳатто Xiaomi'нинг смарт телевизорлари ва ноутбукларининг ўзидан келадиган даромад 824 миллион долларни ташкил қилди (36,5% лик ўсиш).Xiaomi'нинг глобал миқёсда кенгайиб бориши ўз меваларини бермоқда. Учинчи чоракда ташқи даромад 17,2 фоизга ўсди ва ўтган чоракдаги жами айланмаларнинг деярли ярмини ташкил этди.

Компаниянинг 2019 йилнинг тўққиз ойидаги соф фойдаси 1,3 миллиард долларга етди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,1 фоизга кўп дегани. Бу эса 2018 йилги даромаддан 1,3 миллиард доллар кўпроқ фойда демакдир.

ЎҚИНГ: Xiaomi энг оммабоп флагманини энди ишлаб чиқармайди