Samsung кутилмаганда ўта ғалати – 8/128 ГБ хотирали ҳамёнбоп смартфон тақдим этди!

  •   DiMaX
  •  5137
  •  18.12.2019 09:42

Samsung кутилмаганда ўта ғалати – 8/128 ГБ хотирали ҳамёнбоп смартфон тақдим этди!

Жанубий кореялик техногигант Galaxy A01 русумли смартфон тайёрлагани ҳақида хабарлар бергандик. Samsung ортиқча шов-шувларсиз шу моделни ўз сайти орқали намойиш этди, лекин у жуда антиқа чиқиб қолди!

ЎҚИНГ: Samsung иккита арзон смартфони ва иккита флагманига One UI 2.0 қобиқли Android 10 тарқатяпти

Galaxy A01 шуниси билан ғалатики, унинг номи техник параметрларига тўғри келмайди. Чунки, номига кўра, у ўрта нархли туркумнинг энг кичкина ва энг арзон вакили бўлиши айтилаётганди. Гарчи Samsung ҳозирча унинг нархини маълум қилмаган бўлса-да, хусусиятларига қараб туриб, унинг Galaxy A туркумидаги бошқа гаджетларидан арзон бўлмаслигини англаймиз.

Смартфон диагоналига 5,7 дюймлик, HD+ форматида тасвир узата олувчи Infinity-V экран билан жиҳозланган. Galaxy A01 «электрон юраги» эса 1,95 ГГц максимал такт частотасида ишловчи саккиз ядроли номаълум процессор экан. Мазкур чипсет параметрлари Samsung’нинг аксарият ҳамёнбоп смартфонларига ўрнатилаётган Exynos 7904 процессорига тўғри келмаяпти.

ЎҚИНГ: Galaxy S11+ флагманининг биринчи расмий сурати эълон қилинди!

Бунисиям майли, лекин Galaxy A01 ҳаммасидан ҳам тезкор хотира ҳажми билан ҳайратга солади – 6 ва 8 гигабайтлик вариантларда! Ҳаттоки энг янги Galaxy A51 ҳам бошланғич версияда атиги 4 ГБлик «оперативка»га эга. Шунингдек, Galaxy A01 чки хотираси ҳам катта – 128 гигабайт.

Galaxy A01’нинг бошқа жиҳатлари ҳамёнбоп моделларга хос – 3000 мА/соатлик аккумулятор; 13 + 2 МПлик бош камера ва 5 МПлик селфи-камера. Смартфон 146,3х70,86х8,34 миллиметрлик, қора, қизил ва кўк рангларда таклиф этилувчи корпусга эга. Унда иккита SIM-карта уячаси ва 512 ГБгача ҳажмли MicroSD хотира картаси учун жой мавжуд, бармоқ изи сканери йўқ.

Эҳтимол, сайтга маълумот жойлаётганда Samsung ходимлари хотира ҳажми кўрсаткичларида адашиб кетишгандир. Чунки Galaxy A01’нинг шундан бошқа барча жиҳатлари ҳамёнбоп моделларга мос. Лекин, агар шундай хатолик бўлиб, хотираси ҳақидаги маълумотлар нотўғри киритилган тақдирда, бир кундан бери ҳам улар янгиланмаётгани барибир ғалати. Майли, буёғини вақт кўрсатади, янгиликларни биз билан бирга кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Xiaomi яна битта бозорда етакчиликни Samsung’дан тортиб оляпти

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!