Смартфонингиз фоточақноғига қўшимча имкониятлар бахш этувчи учта бепул илова

  •   DiMaX
  •  10351
  •  08.02.2020 12:25

Смартфонингиз фоточақноғига қўшимча имкониятлар бахш этувчи учта бепул илова

Ҳозирда ёруғлик-диодли фоточақноқ ҳар бир Android-смартфонда бор, аммо ундан ҳаммаям унумли фойдаланмайди. Суратга олишда ишлатишдан ташқари, уни фақат бирор қоронғи жойдан ўтаётганда, чироқ ўчиб қолганидагина эслайсиз, тўғрими?

ЎҚИНГ: Android’да кенг имкониятлар учун дастурчи менюсини фаоллаштирамиз

Қуйидаги учта Android-илова эса смартфонингизнинг LED-чақноғидан унумли фойдаланиш имконини беради.

1. Flash On Call

Ушбу дастурни мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олсангиз, фоточақноқни қўнғироқ ёки SMS-хабар келганида фаоллашувчи индикаторга айлантиради. Истасангиз, LED-чироқни мессенжерлар ёки ижтимоий тармоқлар иловаларида билдиришнома келганида ҳам ишга тушадиган қилиб созлаш имкони бор.

Бундан ташқари, Flash On Call уйда смартфонингизни топиб бериш функциясини ҳам бажаради – бунинг учун унга махсус SMS-хабар юборсангиз, фоточақноқ липиллаб ёниб-ўчиб туради.

ЎҚИНГ: Телефонингизни топиб берувчи бепул Android-илова

2. Morse Code

Мазкур илова мураккаб вазиятларда кишига мададкор бўлади – у сиз терган матнни Морзе алифбосида фоточақноқ орқали узатади. Ҳар қандай сўз ёки символни у нафақат LED-чироқ пирпирашлари, балки овозли сигналлар ҳамда вибрациялар орқали морзе алифбосида ижро эта олади.

Morse Code тизимнинг алмашув буферини ҳам қўллаб-қувватлайди – бошқа иловалардан нусхалаб олинган матнни унга ташлаб, тезликда Морзе алифбосига ўгириб узатиш мумкин. Уни смартфонингизга мана бу ердан юклаб олсангиз бўлади.

ЎҚИНГ: 11 декабрь – Морзе алифбосида биринчи қитъалараро сигнал юборилган сана

3. Shake Light

Бу дастур сизга смартфонни шунчаки силкитиш билан LED-чақноқни ишга тушириш имконини беради. Ҳаттоки қурилма блокланган ва экрани ўчиқ бўлган пайти ҳам бу функция ишлайверади.

Shake Light иловасини мана бу ердан кўчириб олиб ўрнатгач, созламаларида фоточақноқнинг фонар сифатида ишга туширилиши учун керак бўладиган силкитиш даражасини ўзингиз белгилайсиз. Агарда смартфонингиз чўнтак ёки сумка ичида бўлса, илова унинг LED-чироғини ёқиб юбормайди.

ЎҚИНГ: Android-смартфоннинг олд камерасига виртуал фоточақноқ қўшамиз

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!