Коронавирус ҳақида тармоқларда сохта ахборот тарқатган қашқадарёликка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди

  •   DiMaX
  •  924
  •  28.03.2020 18:37

Коронавирус ҳақида тармоқларда сохта ахборот тарқатган қашқадарёликка маъмурий қамоқ жазоси қўлланди

Қашқадарё вилояти ИИБ Тезкор-қидирув ҳамкорлик бўлими тезкор ходимлари коронавирус инфекцияси билан боғлиқ асоссиз ва ёлғон маълумот ва хабарларни ижтимоий тармоқларда ва мессенжерларда тарқатиб келаётган шахсларни аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шу ишлар натижаларидан бири хусусида вилоят ИИБ ахборот хизматига таяниб Kun.uz хабар бераётир.

ЎҚИНГ: Ижтимоий тармоқларда коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатган юртдошимиз жаримага тортилди

Яқинда Telegram мессенжерида очилган бир ярим мингдан ортиқ аъзоси бўлган «Qashqadaryoliklar group» гуруҳида «Otabek aka» номи билан очилган профил эгаси гуруҳда эълон қилинган «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар 5 нафарга ошиб, уларнинг умумий сони 55 нафарни ташкил этмоқда» деб номланган хабарга жавобан «Э-э, одамларни алдашдан нима фойда? 1000 дан ошиб кетган-ку касалланганлар Ўзбекистонда. Тўғрисини айтиш керак, одамлар шунга қараб чиқмайди кўчага. Келмас экан деб юрибди кўчада», деган изоҳларни ёзиб қолдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Telegram’да «Otabek aka» номи билан рўйхатдан ўтган фуқаро Шаҳрисабз шаҳри, «Уймовут» МФЙда яшовчи Отабек О. эканлиги аниқланган.

ЎҚИНГ: Тармоқларнинг ўзбек сегментида тарқалган коронавирус ҳақидаги 7 ёлғон

Фуқаро Отабек О. билан мазкур ҳолат юзасидан суҳбатлашилганда, у бу хабарни ҳеч бир асоссиз ёзганлигини, Тошкент шаҳридан келган маҳалладошларидан «Тошкентда вазият яхши эмас», деган гапларини эшитгани учун касалланганлар сони кўп бўлса керак, деб ўйлаганлигини, шу сабаб «касалланганлар сони 1000 дан ошиб кетди», деб Telegram’даги гуруҳда ўзига тегишли «Samsung Galaxy S8» аппарати воситасида ёзганлигини маълум қилган.

Юқорида қайд этилган ҳолат юзасидан фуқаро Отабек О.га нисбатан Шаҳрисабз туман ИИБ ҲПБ ТП профилактика инспектори катта лейтенант Л.Мўминов томонидан жорий йилнинг 27 март куни ЎзР МЖтКнинг 205-моддаси асосида маъмурий иш ҳужжатлари тўпланган ва судга юборилган, деб хабар қилмоқда Қашқадарё вилоят ИИБ ахборот хизмати.

Маъмурий ишлар бўйича Чироқчи туман судининг 2020 йил 27 март кунидаги қарорига асосан фуқаро О.Р.Оймаматовга нисбатан ЎзР Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 205-моддаси билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

ЎҚИНГ: Нега шифокорларга Путинни суратга олган смартфонни йўқ қилиш буюрилди? (+видео)