Клавиатуралар ҳақида қизиқарли фактлар (1-қисм)

Клавиатуралар ҳақида қизиқарли фактлар (1-қисм)

Ҳар куни бир неча маротаба клавиатурадан фойдаланамиз, аммо клавиатуралар қандай ишлаши ёки уларнинг кўриниши ҳақида кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз.

Инглиззабон сўзловчиларнинг QWERTY клавиатураси анъанавий ва ҳеч қандай ғалати хусусиятларга эга бўлмаган клавиатура бўлиши мумкин, аммо баъзи давлатларда фойдаланиладиган клавиатуралар биз ҳар куни кўрадиган клавиатурадан умуман бошқача. Келинг, қуйида матн териш вазифасини бажарувчи ушбу қурилмалар ҳақида қизиқарли маълумотлар билан танишамиз.

1. Канадача «Қор режими» клавиши

Канаданинг француззабон ҳудудлари, хусусан, Квебек провинциясида французча-канадача клавиатурадан фойдаланилади. Бу клавиатурада Ctrl тугмаси ўрнида «Қор режими» клавиши бор ва бу клавиш Ctrl тугмаси қандай вазифани бажарса, худди ўша вазифани адо этади. Кўпчилик Канадани қиш фасли, совуқ ҳаво ва қор билан боғлайди, балким шунга қор парчаси тасвири канадача клавиатурага ҳам кўчирилгандир. «Қор режими» клавиши биринчи марта ACNOR томонидан ўйлаб топилган ва кейинчалик бошқа компьютер ишлаб чиқарувчи компаниялар, жумладан, Аппле томонидан ҳам французча-канадача клавиатураларда қўлланилган.

2. Энг қисқа пробел тугмаси японча клавиатураларда бўлади.

Ҳар қандай клавиатурадаги энг узууууууууун клавиш пробел тугмаси ҳисобланади. Аммо Ер юзидаги энг қисқа пробел клавишини японча клавиатураларда учратиш мумкин. Нега? Чунки япон тилида матн тераётганда лотин ҳарфлари ва японча белгиларни аралаштириб ёзиш керак бўлади. Шу сабабдан, бир ёзувдан бошқасига ўтиш учун алоҳида клавиш қўшилган. Натижада, пробелнинг ҳажмини қисқартиришга тўғри келган. Японча клавиатуралар кўриниши бунақа бўлади:

3. Пробел тугмасини бир вақтнинг ўзида 600 000 киши босади.

Пробел ҳақида гап кетганда, яна бир маълумот. Бу тугма нафақат энг узун, балки энг кўп босиладиган клавиш ҳамдир. Бўшжойташланмайёзилганматнниўқишқийинбўлади, тўғрими? :) YouTube'даги маълумотга кўра, матн тераётганда босилган клавишлар умумий сонининг 18% и пробел улушига тўғри келади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Сониянинг ҳар 1/10 улушида бутун Ер юзи бўйлаб пробел тугмаси 600 000 марта босилади. Ҳар сафар жой ташлаш учун пробелни боссангиз, яна қанча одам бу тугмани сиз билан тенг босишини бир тасввур қилиб кўринг...

4. QWERTY клавишлар тартиби энг самарали тартиб эмас.

QWERTY клавиатурлари энг самарали клавиатура бўлса керак, деб ўйларсиз, чунки улар энг кенг оммалашган клавиатурадир. Аммо бу гап ўроқдек «тўғри»лигига ишонасизми? Хўш, нега клавиатуралар ABDEFG ҳарфлари билан эмас, балки QWERTY билан бошланади? QWERTY тартиби 1872 йил Кристофер Шолз томонидан ўзининг янги матн териш ускунаси учун яратилган (у даврларда ҳали компьютерлар йўқ эди). Ёзув машинаси ҳарфлари алифбо тартибида жойлаштирилганда, матн терувчи шунчалар тез матн терардики, натижада ускунанинг механик қисмлари (уларни «болға» деб аташган) ишдан чиқарди. Шолзга матн териш тезлигини пасайтириш учун ҳарфлар кетма-кетлигини чалкаштириб ташлаш ғояси келади. Шундай қилиб, QWERTY клавиатураси аслида матн QWERTY жараёнини секинлаштириш учун ишлаб чиқилган, аммо компьютерлар пайдо бўлганда ҳам бу клавиатурани негадир ҳамма бирдек ижобий қабул қилди ва ҳарфлар жойлашуви ҳам шундай бўлиб қолди.

5. Мини-клавиатуралар

Бу турдаги клавиатураларда фақатгина бир неча тугмалар ёрдамида оддий клавиатурадаги барча белгиларни ҳосил қилиш мумкин. Аммо қадай қилиб? Битта белгини ҳосил қилиш учун битта тугмани босиш ўрнига, бундай клавиатураларда худди пианинодаги каби аккордлардан фойдаланилади. Шунинг учун ҳам, бу клавиатураларни аккордли клавиатура дейишади. Аккордли клавиртуралар, асосан, кўзи ожизлар томонидан (Брайл версияда) ёки оддий клавитурадан фойдаланиш бесамар бўлган вазиятларда ишлатилади.

6. Кир клавиатуралар

Клавиатураларда ҳожатхона унитазидагидан кўра кўпроқ микроб йиғилишини биласизми? Британиялик олимлар синовдан ўтказган 33 та клавиатурадан 4 таси саломатлик учун хавфли даражада кўп микроб тўплаган, 1 тасида эса ҳожатхона унитазидагидан 5 баробар кўп микроб борлиги аниқланган. Турли инфекция ва касалликларнинг олдини олиш учун клавиатурадан фойдаланишдан олдин уни антисептик восита билан тозаланг ва қўлларингиз ювилганига ишонч ҳосил қилинг.

7. Клавиатуралар учун трендлар

Охирги бир неча йилдан буён, айниқса, ёшлар орасида лептоп клавиатуралари ва бутунбошли лептопни винил стикерлар билан безаш урф бўлган. Бу стикерларда ҳозир трендда бўлган мода, турли ранг ва шакллар акс эттирилади. Ҳатто мана шундай стикерлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниялар ҳам бор. Улардан бири Keyshorts компанияси. MacBook'лар клавиатураси учун безакларга қизиқсангиз, бу ерга босиб уларнинг сайтига ўтинг.

8. Деярли ишлатилмайдиган клавишлар

Замонавий клавиатураларда тўртта тугма борки, улар олдинги компьютерлардан мерос бўлиб қолган. Аммо кўпчилик улардан деярли умуман фойдаланмайди ва фойдаланишга ҳаракат қилиб ҳам кўрмаган. Улар қайси клавишлар? Қуйида уларнинг 3 таси ҳақида тўхталиб ўтамиз:

System Request клавиши кўпинча SysRq ёки SysReq қилиб қисқартириб ёзилади. Бу клавишнинг келиб чиқиши 1980 йилга бориб тақалади. Ўша даврдаги IBM компьютерлари, одатда, бир неча операцион тизимда ишларди. System Request тугмаси билан мана шу тизимларнинг биридан иккинчисига ўтиш мумкин эди. Аммо кейинчалик, бу клавишга эҳтиёж сезилмай қолди, чунки ҳозирги компьютерлар, асосан, фақат битта тизимда ишлайди.

Print Screen (кўпинча System Request билан бирга жойлашган бўлади) клавишини PrtScr ёки PrntScr деб қисқартириб ёзишади. Бу тугманинг асл мақсади экран тасвирини олиб (ҳозирги смартфонлардаги скриншот каби), уни қоғозга чиқариш бўлган. Ҳозирда эса бу клавиш экран тасвирини олиб, уни буферга сақлаш вазифасини бажаради.

Pause/Break клавиши худди XIX аср телеграфларидаги тугма каби вазифани бажаради. Телеграфларда вақти-вақти билан электр токи узиб турилиши керак бўлган. Ҳозирда бу тугманинг амалий аҳамияти деярли йўқолган, уни фақатгина тезкор клавишлар комбинацияси ёки баъзи ўйинларда ишлатишади. Пауза функцияси дастур ишламай қолганда уни ўчириш ёки берилган буйруқ бажарилишини тўхтатиш учун ўта камдан-кам ҳолларда ва фақат дастурчилар томонидан ишлатилади.

9. Фойдасиз Scroll Lock тугмаси

Scroll Lock (ScrLk) тугмаси замонавий клавиатуралардаги умуман кераксиз клавишларнинг тўртинчисидир. Бу клавишнинг вазифаси клавиатурадаги стрелка клавишлари босилганда, экраннинг ҳаракатланишини блоклаш бўлган, аммо шу кунгача бундай функциянинг умуман амалий аҳамияти бўлмаган. Шунинг учун ҳам, бу тугма деярли умуман босилмайди.

10. Икки тилли клавиатуралар

Кўпчилик инсонлар ва бизнес ташкилотлари икки тилда иш юритади, мулоқотга киришади. Икки тилли ёки билингуал клавиатуралар, айниқса, таржимонларга кўп керак бўлади. Бизнес ташкилотлари, хусусан, мижозлар билан ишлаш бўлимлари чет тилида сўзлашувчи мижозлар билан ёзма алоқага кириш учун бу турдаги клавиатураларга мурожаат қилади. Яна бир маълумот — икки тилли клавиатуралар бир тилли клавиатуралардан кўра қимматроқ туради.

Келтириб ўтган маълумотларимиз сизга ёқдими? Ҳа? Демак, мақсадимизга эришибмиз, аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу мақоланинг давоми ҳам бор. Клавиатуралар ҳақидаги навбатдаги қизиқарли маълумотлар билан танишиш учун ҳафта давомида сайтимизни кузатиб боринг.

ЎҚИНГ: Компьютерлар ҳақида қизиқарли фактлар