Android'да видео монтаж учун 10 илова

Android'да видео монтаж учун 10 илова

Видео таҳрирлаш ҳар қандай қурилма учун қийин вазифа ҳисобланади. Компьютерда видео монтаж қилиш учун қурилмадан етарлича даражада кучли техник жиҳатлар: катта оператив ва доимий хотира, монтажчидан эса кўникма талаб қилинади. Смартфонларнинг эса Final Cut Pro ёки Adobe Premiere Pro каби иловаларни кўтаришга кучи етмайди. Аммо Android учун чиқарилган баъзи иловалар борки, улар содда монтаж ишларини қойилмақом бажара олади. Қуйида Android тизими учун мўлжалланган ўнта энг яхши видео монтаж иловасини келтириб ўтамиз.

ActionDirector

Нархи: Текин/3.99 доллар

ActionDirector компьютерларда видео таҳрирлашда ишлатиладиган энг машҳур дастурлардан. Дастурнинг Android учун чиқарилган талқини ҳам бор бўлиб, у билан содда монтаж ишларини бажарса бўлади. ActionDirector видеога мусиқа қўшиш ва матн қўшиш, ортиқча кадрларни кесиш, слоу-моушн қилиш ва бошқа кўплаб амалларни бажариш имконини беради. Ушбу илова 4K форматни қўллаб-қувватловчи иловалардан бири ҳамдир, аммо қурилмангиз 4K'ни кўтарадими-йўқми, буни аввалдан текшириб олишингиз керак.

ActionDirector'ни юклаш

Adobe Premiere Rush

Нархи: Текин/Ойига 53.99 долларгача

Adobe Premiere Rush ўртачадан юқори сифатли икки монтаж иловаларининг биридир (иккинчиси эса Adobe Premiere Clip'дир). Ушбу илова нисбатан янги бўлиб, сизга ёқиши аниқ. Дастурда булутли синхронлаш ва илғор таҳрирлаш ускуналари мавжуд. Дастурчилар илова интерфейсини янада яхшилаши, бир қатор камчиликларни тузатиши керак, лекин шундай бўлса ҳам, ушбу дастур потенциали жуда юқори. Бундан ташқари, бу илова Adobe Creative Cloud аъзолиги таркибига ҳам киради. Агар сиз бу сервисдан фойдалансангиз, Adobe Premiere Rush'ни синаб кўриш сарфлаган вақт ва маблағингизга арзийди.

Adobe Premiere Rush'ни юклаш

FilmoraGo

Нархи: Текин/7.99 доллар

FilmoraGo WonderShare томонидан яратилган видео таҳрирлаш дастури ҳисобланиб, уни ҳеч иккиланмасдан энг яхши дастурлардан дейиш мумкин. Дастур билан видеоларни кесиш, ўзгартириш, турли эффектлар қўшиш ва шу каби амалларни бажариш мумкин. Шунингдек, видеоларни тескари ҳаракатлантириш, Instagram учун квадрат (1:1) видеолар, YouTube учун эса 16:9 видеолар яратиш мумкин. Бунга қўшимча, FilmoraGo'да видеога мусиқа, слоу-моушн, переход ва оверлейлар қўшса бўлади. Ички харидлар билан буларга қўшимча бошқа функцияларга эга бўлиш мумкин, аммо кўплаб функциялар текин тақдим қилинади.

FilmoraGo'ни юклаш

Funimate Video Editor

Нархи: Текин, аммо ички харидлар мавжуд

Funimate негадир оммабоп, аммо унчалик ҳам кучли бўлмаган видео монтаж иловаларидан. Дастур яратувчилари бу иловани смартфонингизда бор расм ва мусиқалардан мусиқий ва оддий видеолар яратишга қулай дастур деб реклама қилади. 15 хилдаги фильтрлардан фойдаланиш мумкин, видео яратиш ҳам унчалик қийин эмас. Аммо видео монтаж учун жиддий дастур қидираётган бўлсангиз, бошқа вариантларни кўрганингиз маъқулроқ. Сабаби Funimate, асосан, ижтимоий тармоқлар учун қисқа видеолар яратишга мўлжалланган.

Funimate'ни юклаш

InShot

Нархи: Текин/ойига 2.99 доллар/йилига 9.99 доллар/умрбодлик тўлов 29.99 доллар

InShot фильтрлар, видео кесиш ва қисқа видеолар яратишга ихтисослашган ўта содда дастурдир. InShot'да видео четларини қирқиш, мусиқа танлаш, стикерлар қўйиш, видео тезлигини назорат қилиш каби функциялар бор бўлиб, YouTube, TikTok ва шу сингари платформаларга мўлжалланган видеолар яратишда айни қўл келади.

InShot'ни юклаш

KineMaster

Нархи: Текин/ойига 4.99 доллар

KineMaster ҳозирда мавжуд энг кучли видео таҳрирлаш иловаларидандир. Ушбу дастурда бошқа иловалардаги каби содда амаллар бажариш билан бир қаторда бошқа функцияларга ҳам эга бўласиз. Бир қатор аудио фильтрлар, хромакей, видео эффектлар, переходлар ҳам мавжуд. KineMaster бошқа рақобатчиларидан анчайин устун ҳисобланади. Ундан ҳатто YouTube'га видео яратиш учун фойдалансангиз бўлади. Иловани бироз муддат синов режимида ишлатиб, кейин эса ойига 4.99 доллардан тўлаб боришингизга тўғри келади.

KineMaster'ни юклаш

Movie Maker Filmmaker

Нархи: Текин

Movie Maker Filmmaker ҳозирда мавжуд энг зўр видео монтаж иловаларидан. Видеоларни кесиш, видеодаги контент жойлашувини ўзгартириш ва фокус нуқтасини белгилаш кабиларни амалга ошира оласиз бу илова билан. Дастурда бир қатор видео эффектлари мавжуд, шунингдек, ўзинингиз махсус фильтрлар ҳам яратсангиз бўлади. Видеоларга мусиқа қўйиш имкони ҳам бор. Қайта дизайнлаш ишлари амалга оширилганидан сўнг, илова ишлашида баъзи муаммолар юзага келди, аммо шунда ҳам бу дастур Play Store'даги энг яхши монтажлаш ускуналаридандир. Рекламалар сабаб Movie Maker Filmmaker'дан бутунлай текин фойдаланишингиз мумкин.

Movie Maker Filmmaker'ни юклаш

PowerDirector

Нархи: Текин/5.99 доллар

PowerDirector рўйхатимизнинг энг кўп функцияли иловаларидан биридир. Унда жуда кўп хусусиятлар, жумладан, тезкор монтаж ускуналари, турлича эффектлар ва бошқа ускуналар мавжуд. PowerDirector'да сизга слоу-моушн ва коллаж яратиш имкони ҳам тақдим қилинади. Дастур интерфейси ҳам фойдаланувчи учун тушунарли ва содда. PowerDirector'ни юклаш ва фойдаланиш бепул, аммо барча функцияларга эга бўлиш учун бироз маблағ сарфлашга тўғри келади.

PowerDirector'ни юклаш

Quik

Нархи: Текин

Quik — янгича авлод видео таҳрирлаш дастури. Агар сизга оддийроқ илова керак бўлса, Quik эҳтиёжларингизни қондира олади. Дастурда видео яратиш учун 50 тагача расм ва видео танлайсиз. Сўнгра, илова уларни таҳлил қилиб, бу контентдан қисқа видео яратади. Иловада 20 дан ортиқ видео стиллари бор. Quik Adobe Premiere Clip ёки PowerDirector'лардек кучли эмас, аммо бу илованинг ҳам ўз мухлислари топилади. Quik'ни бепул юклаб ишлатиш мумкин. Ички харидлар мавжуд.

Quik'ни юклаш

VivaVideo

Нархи: Текин/3.99 доллар

Quik ўта даражада машҳур иловалардан, аммо амалий жиҳатдан унинг ишини аъло деб бўлмайди. Дастур, асосан, ижтимоий тармоқлар учун қисқа видеолар яратишда қўл келади. 200 дан ортиқ фильтр, турли эффектлар ва матн ёзиш функцияси бор. Видеони тезлаштириш ёки слоу-моушнга қўйиш имконияти мавжуд. Дастурнинг бепул версиясини ишлатсангиз, видео остида илова логотипи чиқиб туради ва ҳар қандай видео узунлигига чегара қўйилади. Бу чекловларни олиб ташлаш учун эса про версияни сотиб олишингиз керак.

VivaVideo'ни юклаш

Ўйлаймизки, ушбу рўйхат сиз учун фойдали бўлди.

ЎҚИНГ: Оригинал AirPods'ни сохтасидан қандай фарқлаш мумкин?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!