AirPods Pro рақиби тақдим этилиб, ундан икки ярим баравар арзон сотила бошлади!

  •   DiMaX
  •  1249
  •  13.10.2020 13:59

AirPods Pro рақиби тақдим этилиб, ундан икки ярим баравар арзон сотила бошлади!

Apple корпорациясининг AirPods қулоқчинларига ўхшатиб «Хитойча Apple» ҳам гаджетлар чиқариб келмоқда. Жумладан, Xiaomi Mi Air 2 Pro модели ҳали намойиш этилмай туриб, биз унинг «жонли» видеоларини эълон қилганмиз.

ЎҚИНГ: Apple узоқ кутилган гаджетларидан камида иккитасини 13 октябрда тақдим этмайди

Xiaomi компанияси бугун – 13 октябрь куни мана шу флагман қулоқчинини расман тақдим қилди. Mi Air 2 Pro русумли ушбу буткул симсиз қулоқчин 15 октябрдан очиқ савдога чиқади, Хитойда эса аллақачон унинг учун олдиндан буюртма олина бошлаган.

«Хитойча Apple» ушбу аксессуари учун 699 юань миқдорида нарх белгилаган, бу тахминан 104 долларга тўғри келади. Таққослаш учун: Apple AirPods Pro модели 250 доллар туради.

Xiaomi Mi Air 2 Pro вазни 6.5 граммга тенг, уни 12 миллиметрлик драйверлар билан таъминлашган. Қулоқчин фаол шовқин тўсиш (ANC) функциясига эга – 35 децибеллгача шовқинни ўтказмайди. Қулоқчин учта микрофондан иборат тизимга эга.

ЎҚИНГ: Xiaomi атиги 13 доллардан бошланувчи иккита симсиз қулоқчин тақдим этди

Шунингдек, унда «шаффофлик» режими, LHDC ва AAC кодеклари ҳам бор. Мазкур аксессуар овозни етказишда атиги 100 миллисониягача ушланиб қолиши мумкин, AirPods Pro моделида эса бу кўрсаткич 160 миллисонияга тенг.

Mi Air 2 Pro ўзининг автономлиги билан ҳам мақтана олади – унинг ўзидаги аккумулятор қуввати 7 соатга етади. Ғилофи билан бирга эса автономлик 28 соатгача боради. Дарвоқе, кейснинг ўзини USB-C порти орқали ҳам, Qi технологияси бўйича симсиз усулда ҳам қувватлаш мумкин.

Буткул симсиз қулоқчиннинг қадоғидаги ўз жамланмасида тўрт жуфт резина амбушюр ҳам бор. Xiaomi Mi Air 2 Pro моделини созлаш ишларида Грэмми мукофоти совриндори Лука Биньярди (Luca Bignardi) ҳамкорлик қилган.

ЎҚИНГ: Божхоначилар икки мингта «қалбаки Apple AirPods»ни қўлга олиб, ўзлари шарманда бўлишди!