Samsung’нинг бу смартфони ҳам Mi Mix 3, ҳам Mi Mix Alpha’га ўхшайди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1589
  •  12.11.2020 11:02

Samsung’нинг бу смартфони ҳам Mi Mix 3, ҳам Mi Mix Alpha’га ўхшайди! (+видео)

LetsGoDigital сайтида Samsung корпорацияси тайёрлаётган потенциал флагман смартфоннинг сифатли рендер суратлари ва видеоси эълон қилинди. Уларнинг барчаси патент суратлари асосида яратилган, яъни булар «жонли» расм ва видео эмас.

ЎҚИНГ: Samsung Xiaomi'дан "ўғирласа" қандай бўлади?

Тузилишига кўра, бу – Xiaomi корпорациясининг Mi Mix 3 флагманига ўхшаш слайдер бўлиб, йиғилган ҳолатида унинг камералари корпуснинг ичида қолади. Девайснинг олд томони «шаршара экран» билан тўлиқ қопланган – унинг барча қирралари қайрилма шаклда ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, мазкур смартфоннинг орқа панелида ҳам шунақа дисплей жойлашган! Бу жиҳатига кўра эса у бултур тақдим этилган концептуал флагман – Xiaomi Mi Mix Alpha моделини эслатади.

Патентда ёзилишича, смартфон корпуси шаффоф «акрил материал»дан ишланган. Қурилмада олд камера кўринмайди, лекин унинг керагиям йўқ: селфи учун бош камеранинг ўзини қўллаш мумкин – бунда тасвирни орқа экранда кўриб туриш имкони мавжуд. Бироқ дисплей остида барибир яширин камера бўлади, смартфон у орқали фойдаланувчининг айни дамда қайси экранга қараётганини аниқлайди.

ЎҚИНГ: Xiaomi кутилган қурилмаси ҳақида кутилмаган хабар берди

Шунингдек, мазкур инқилобий телефонда дактилоскоп, стереодинамиклар ва бошқа датчиклар – барчаси экран остига жойланади. Samsung’нинг антиқа смартфони ҳақида қуйидаги рендер видео яхшироқ тасаввур бера олади:

Гаджетнинг корпусида кўриниб турувчи бирор тугмача ҳам, порт ҳам йўқ. Патент ҳужжатларида тавсифланишича, қурилмани ёқиш ва экранни қулфдан чиқариш учун «пьезоэлектрик датчик» қўлланади. Шунингдек, унда моддий SIM-карта уячаси ҳам бўлмаса керак – патентда eSIM ва симсиз қувватлаш технологиялари ҳам тилга олинган.

Samsung бундай смартфонни сотувга чиқариш-чиқармаслиги номаълум, балки концептуал модел сифатида тақдим этар. Лекин унинг номи хусусида ҳам, намойиш вақти ҳақида ҳам бирор маълумот йўқ.

ЎҚИНГ: Apple энди келиб-келиб Xiaomi’дан нусха ола бошлади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!