iPhone заводи ишчиларига маош тўланмаяпти. Ишчилар бош кўтармоқда (+видео)

iPhone заводи ишчиларига маош тўланмаяпти. Ишчилар бош кўтармоқда (+видео)

Ҳиндистондаги iPhone ишлаб чиқарилувчи завод ишчилари ойлик маош тўловлари борасидаги муаммолар сабаб бош кўтарган. Натижада, заводга 7 миллион доллар миқдорида зарар етказилган. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Wistron компаниясига қарашли Ҳиндистондаги iPhone ишлаб чиқариш заводида ишчилар уларга ваъда қилинган ҳақ тўланмаётганини таъкидлаб, иш шароитлари яхшиланишини талаб қилмоқда.

The Times of India нашри воқеа жойига борган ва намойишлар акс этган видео лавҳани эълон қилган. Нашрнинг ёзишича, «тунги сменадаги ишини битириб, заводдан чиқаётган 2,000 нафар ишчиларнинг аксарияти ғазабланиб, компания мебеллери ва йиғув ускуналарига зарар етказган ва ҳатто транспорт воситаларига ўт қўйишга уринган».

The Times of India ишчиларга тўланиши керак бўлган маошлар борасида ҳам маълумот олган. Ишчилардан бири маошлар борасида, жумладан, шундай деган: «Муҳандислик дипломига эга ишчига ойига 21,000 рупия (286 АҚШ доллари) ваъда қилинган, лекин уларнинг ойлиги 16,000 рупия (218 доллар) га тушириб қўйилган, кейин эса, охирги ойларда 12,000 рупия (163 доллар) га тушиб қолган. Мутахассислиги муҳандислик бўлмаганлар ойлиги эса 8,000 рупия (109 доллар) га тушириб қўйилган. Бизнинг ҳисобимизга ўтказиб берилаётган ойлик камайиб кетяпти ва биз бундан жуда гаъзабдамиз». Баъзи ишчилар уларга атиги 500 рупия (6.80 доллар) ҳақ тўланганини айтишмоқда.

Wistron Apple'нинг энг йирик таъминотчиларидан бири ҳисобланади. Wistron'нинг айтишича, Wistron Apple'нинг таъминотчи шартномаси шартларини бузган-бузмагани борасида текширув ишлари олиб бормоқда.

Ҳиндистон бутун дунё бўйича Хитойдан кейинги иккинчи энг йирик смартфон бозори саналади. Бироқ бу бозорда рақобат жуда кучли. Нархлар арзонлиги боис Apple Ҳиндистонга кириб боришга қийналади ва бозорда атиги 3% лик улушга эга. Ҳиндистон бозорига кириб боришнинг йўлларидан бири смартфонларни Ҳиндистоннинг ўзида ишлаб чиқариш ҳисобланади. Шунда, Apple импорт қилинган (айниқса, Хитойдан) маҳсулотларга солинувчи божлардан халос бўлади, нархларни камайтиришга эришади. Wистрон заводида Apple'нинг энг арзон смартфони — iPhone SE ишлаб чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин ҳам Ҳиндистоннинг Карнатака штатида ишчилар Apple телефонларини ишлаб чиқарадиган завод идорасини вайрон қилишганди.

ЎҚИНГ: iPhone ва Xiaomi смартфонлари импортига тўсиқ қўйилмоқда