Galaxy А53 ва Galaxy А52: фарқи нимада?

Galaxy А53 ва Galaxy А52: фарқи нимада?

Samsung 17 март куни ўзининг Galaxy А52 5G смартфони янги авлоди - Galaxy А53 моделини тақдим қилди. Албатта янги модел ўзи билан бир қанча янгиликлар ва яхшиланишларни олиб келади. Келинг уларнинг хусусиятларини таққослаб кўрамиз.

Ўхшаш томонларидан бошлайдиган бўлсак, иккала смартфонлар ҳам 6.5 дюймли, Full HD+ Super AMOLED, 120Hz янгиланиш тезликдаги дисплейга эга ва улар Corning Gorilla Glass 5 билан ҳимояланган. Шунингдек, смартфонлар камералари хусусиятлари ҳам ўзаро тенг: 32 MP олд камера, 64 MP асосий орқа камера ва қўшимча 12 MP, иккита 5 MP камералари бор. 6/8 GB оператив, 128/256 GB доимий ва 1 TB гача қўшимча microSD ўрнатиш имконияти билан иккала смартфонлар бир хил хотира ҳажмига эга. Шу билан бирга, икков модел ҳам 25W тезликда қувватланади ва 5G'ни қўллаб-қувватлайди. Икки смартфоннинг оғирлиги 189 граммни ташкил қилади ва IP67 сертификати билан сув ва чангга чидамли.

Энди Galaxy А53 устунлик томонлари ҳақида гапирадиган бўлсак, янги 5nm Exynos 1280 чипли Galaxy А53 олдинги 8nm Snapdragon 720G чипли Galaxy А52'дан кўра яхшироқ ишлайди. Қувват борасида ҳам А53 ўзининг 5,000 mAh батарея сиғими билан аввалги 4,500 mAh батареяли А52 моделини "синдиради". Гарчи Galaxy А52 Android 12 операцион тизимига янгилана оладиган бўлса ҳам, Galaxy А53 айнан шу операцион тизим билан келади ва яна тўрт авлод Android янгиланишини қабул қила олади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Galaxy А53 аввалги авлодига қараганда бўйига ҳам, энига ҳам, қалинлигига кўра ҳам 0.3 мм пастроқ ва ингичкароқ.

Янги авлод Galaxy А53 модели камчилиги шундаки, унда симли қулоқчинларни улаш учун наушник уяси мавжуд эмас ва яна шуни ҳам айтиш керакки, смартфон қутисида қувватлаш адаптери бўлмайди. Нархи эса албатта эски моделдагидан қимматроқ: Ўзбекистонда Galaxy А52 (4/128 GB) модели Samsung расмий савдо нуқталарида 3,655,000 сўмдан 4,900,000 сўмгача бўлган нархда сотилаётган бир вақтда, янги Galaxy А53 расмий тақдимотда 449 евро (бугунги кунда: 5 миллион 750 минг сўм атрофида) нархда тақдим қилинди. Албатта, тез орада смартфон мамлакатимиз савдо расталарига чиқарилганида унинг нархи яна кўтарилиши мумкин.

Хулоса қиладиган бўлсак, Galaxy А53 янги операцион тизимда, тезроқ ишлайди ва кўпроқ батарея қувватини таклиф қилади. Агар бу сиз қидираётган хусусиятлар бўлса, унда бу Galaxy А52 устидан янгиланиш учун муносиб смартфондир.

ЎҚИНГ: Samsung Galaxy А73 нима бўлди?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!