Навбатдаги Telegram янгиланиши ҳақида барчаси

Навбатдаги Telegram янгиланиши ҳақида барчаси

Сўнгги ойларда Telegram'га пуллик Premium обуна қўшилиши ҳақида жуда кўплаб миш-мишлар тарқалди. Мессенжер асосчиси ва раҳбари Павел Дуров эса кеча буни расман тасдиқлади. Telegram Premium обунаси шу июн ойида навбатдаги янгиланиш билан чиқарилади. Хўш, навбатдаги Telegram янгиланиши Premium обунадан ташқари яна нималарни ўз ичига олади? Қуйида иловага қўшилиши кутилаётган бепул функциялар билан танишинг:

Фақат гуруҳ аъзолари учун изоҳ қолдириш

Навбатдаги янгиланишда иловага қўшиладиган энг фойдали хусусиятларнинг бири канал администраторлари учун бўлиб, бунда улар ўз каналларидаги постлар остига кимлар изоҳ қолдириши белгилай оладилар: ҳамма ёки фақат каналга уланган гуруҳ аъзолари.

Илова иконкасини ўзгартириш

Telegram иловаси иконкасининг аввалгисини ёқтирадиганлар учун хушхабар: сиз уни кейинги янгиланиш билан қайтариб олишингиз мумкин. Ҳа, албатта, эндиликда илова иконкасини "Чат Созламалари" орқали ўзгартирса бўлади. Бунда фойдаланувчиларга 3 хил бепул иконка танлови берилган; Premium обуна эгалари эса 225 хил иконкалардан бирини танлай оладилар.

Стикерлар ва эможилар бўлими

Кейинги илова янгиланишида Telegram асосий Созламалар менюсига стикерлар ва эможиларни бошқариш учун янги бўлим қўшилади. У ерда сиз тезкор реакцияни созлашингиз, эможилар билан боғлиқ созламаларни ўзгартиришингиз, стикер тўпламларингизни кўришингиз ва уларни бошқаришингиз, шу билан бирга янги ва машҳур стикерларни кўриб, ўзингиз учун қўшиб олишингиз мумкин бўлади.

Яхшиланган чат превюси

Телеграмъда бирон ким билан суҳбатлашаётганингизда сиз чатни тўлиқ очмасдан туриб суҳбатдошигиз профил сурати устига босиб туриш билан суҳбатнинг превюсини, яъни сўнгги хабарларни кўришингиз мумкин ва бу функция анчадан бери мавжуд. Навбатдаги янгиланиш билан эса сиз чат превюсида нафақат сўнгги хабарларни, балки бутун бошли чатни кўришингиз, шу билан бирга, чатни ўқилган ёки ўқилмаган қилишингиз, чатлар рўйхатида юқорига қадашингиз ёки аксинча қилишингиз, чатнинг билдиришнома созламаларини тўғрилашингиз ёки чатни ўчириб юборишингиз мумкин.

Категория бўйича медиани автосақлаш

Сезиларли ўзгаришлардан яна бири бу - шахсий чатлар, гуруҳ ва каналлардан фото ёки видеоларни тўғридан-тўғри галареяга сақланишини белгилаб қўйиш имкониятининг яратилганидир.

Шунингдек, стикерлар учун ҳам бир неча ўзгартиришлар киритилган. Масалан, янги стикерларни қўшиш тугмаси энди рангли, алоҳида ажралиб турадиган қилинган. Қўшимчасига энди стикерни устига босиб туриш билан пайдо бўладиган контекст меню ҳам бироз дизайн ўзгаришларига учраган: фон орқаси хиралашиб туради ва контекст меню пастдан эмас экран ўртароғидан чиқиб туради.
Яна бир бор эслатиб ўтамиз, бу функцияларнинг бари бепул бўлади.

Telegram Premium ҳақида гаплашадиган бўлсак, энг аввало, унинг нархи ойига 4.99 доллар, ўзбек сўмига 55.000 атрофида бўлади. Пуллик обуна ҳозирги мавжуд бўлган барча бепул функцияларни ҳеч бирига таъсир қилмайди, аксинча, у қўшимча хусусиятлар билан келади. Premium обуна қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 500 та эмас - 1000 тагача канал ва гуруҳларга обуна бўлиш;
  • асосий чатлар рўйхатида 5 та эмас - 10 тагача чатларни юқорига қадаш;
  • канал ва супергуруҳларда 10 та эмас - 20 тагача оммавий линклардан фойдаланиш;
  • 200 та эмас - 400 тагача GIF сақлаш;
  • 5 та эмас - 200 тагача севимли стикерларни сақлаш;
  • Биода 70 та эмас - 140 тагача символлардан фойдаланиш;
  • расм ва видеолар учун 1024 та эмас - 4096 та символли тавсиф ёзиш;
  • 10 та эмас - 20 тагача папка яратиш;
  • папкалар ичида 100 та эмас - 200 тагача чатларни юқорига қадаш;
  • илова ичида 3 та эмас - 4 тагача аккаунт яратиш;
  • 2 Гб эмас - 4 Гб гача ҳажмдаги файлларни юклаш;
  • медиа ва бошқа турдаги файлларни юклаб олишда чекланмаган тезлик;
  • овозли хабарларни матнга ўгириш имконияти;
  • рекламаларнинг йўқолиши;
  • қўшимча анимацияланган реакциялар;
  • қўшимча эффектларга эга эксклюзив стикерлар;
  • чатларни бошқаришда қўшимча функциялар;
  • исм ёнида Телеграмъни қўллаб-қувватлашни билдирадиган нишон;
  • ҳар доим анимацияланиб турадиган профил видеоаватари;
  • илова иконкасини ўзгартириш учун 255 хил ноёб иконкалар тўплами.

Шунингдек, Дуровнинг айтишича, Premium обуна эгалари Telegram'нинг янги функцияларини биринчи бўлиб синаб кўриш имкониятига ҳам эга бўладилар.

Таъкидлаш жоизки, оддий фойдаланувчилар ҳам пуллик обунанинг айрим функцияларидан баҳраманд бўлишлари мумкин. Масалан, улар пуллик обуна эгалари томонидан юборилган эксклюзив стикерларни кўришлари ёки хабарларга олдиндан билдирган premium реакцияларни боса оладилар.

Шу ва бошқа янги функциялар билан Telegram яқин кунларда янгиланиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: "Мана шунинг учун биз бу ойда Telegram Premium обунасини тақдим этамиз"

 
 
 
 
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!