iOS ва Android учун янги қўшиладиган эможилар

iOS ва Android учун янги қўшиладиган эможилар

Келаётган якшанба, 17 июл, Бутунжаҳон эможи куни бўлиб, шу баҳона биз Emojipedia томонидан iOS ва Android учун 2022-2023 йилларга мўлжалланган Emoji 15.0 версиясидаги янги эможилари билан танишамиз. Unicode таклиф этаётган янги эможиларнинг сони 31 та бўлиб, бу олдин тақдим қилинган Emoji13.0 (117 та), 13.01 (217 та) ва 14.0 (112 та) версияларига қаранганда энг камидир.

Emoji 15.0 ўз ичига олган янги намуна эможилар. Фото: Emojipedia

Юз ифодалари қаторига Emoji 15.0 билан қўшилиши кутилаётган "юзни қимирлатиш" эможиси шок реакциялар ёки бошқалар учун ишлатилиши мумкин. Бугунги кунда кўпчилигимиз дўстларимиз билан чат вақтида беш ташлаш учун "кўтарилган қўл" эможисидан фойдаланамиз, янги Emoji версиясидаги "Ўнгга/чапга қўл суриш" эможиларидан биргаликда фойдаланган ҳолда эса биз ҳақиқий беш ташлашни амалга оширишимиз ёки уларнинг биттасидан фойдаланиш билан бирон нарсани рад қилаётганимизни ифодалашимиз мумкин бўлади.

Турли хил рангдаги юрак эможилари бутун дунё бўйлаб жуда кўп ишлатилади ва улар қаторига эндиликда яна уч хил: оч мовий, кулранг ва энг кўп сўралган оддий пушти рангдаги юрак эможилари қўшилмоқда.

Албатта, Emoji 15.0 ҳайвонлар ва ўсимликлар эможиларини ҳам ўз ичига олади. Бу сафарги янгиланиш, ҳайвонлар бўйича буғулар оиласига кирувчи элк, эшак, қарға (ёки қора қуш), ғоз ва медуза билан биргаликда қанот эможиларини, ўсимлик бўйича эса сумбул гули, занжабил ва нўхат доналари эможиларини ўз ичига олади.

Шунингдек, аёллар учун елпиғич ва яна бир хил тароқ туридаги эможилар, мусиқа ишқибозлари учун эса маракас ва най эможилари ҳам биз учун янги ҳисобланади.      

Қўшимчасига, биз янги эможилар қаторида "расмий" Wi-Fi эможисини кўришимиз мумкин. Ҳозирги эможилар орасида Wi-Fi эможиси мавжуд эмас, шу сабаб кўпчилик мобил алоқани ифодалайдиган "антенна таёқчалари" эможисидан фойдаланишади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу эможилар ҳозирча шунчаки намуналар бўлиб, улар сентабрда тасдиқланиши кутилмоқда ва бу вақт орасида уларга бироз ўзгартиришлар киритилиши ҳам мумкин. Йил охирига келиб эса (октабр-декабр), Google ва Android платформалари Emoji 15.0 версиясини эрта қўллаб-қувватлашни бошлаши айтилмоқда. Кейинги йил бошидан охиригача, яъни январдан октабргача эса Apple ва Samsun платформалари, шу билан бирга, Facebook ва Twitter ҳам янги эможиларни қўллаб-қувватлашни бошлашади.

ЎҚИНГ: Honor компанияси ўзининг янги смартфонини тақдим этди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!