Windows 12 қачон чиқарилиши маълум бўлди

Windows 12 қачон чиқарилиши маълум бўлди

Microsoft фақат Windows 10 билан тўхтаб қолишни хоҳламади. Гарчи компания бу Windows учун сўнгги йирик версия эканлигини айтган бўлса ҳам, ўтган йилга келиб, у ўз қарорини ўзгартирди ва Windows 11 ни тақдим қилди. Хўш, ундан кейинчи? Windows 12? Албатта. Windows Central нашрининг ўз манбаларига асосланиб хабар беришича, Microsoft ўзининг навбатдаги янги авлод Windows'ини 2024 йилда чиқаради. 

Маълум бўлишича, редмондлик компания Windows'нинг янги версиясини ёхуд унинг учун катта янгиланиш чиқариш стратегиясини ўзгартирмоқда ва ўзининг анъанавий уч йиллик циклига қайтмоқда. Шундай қилиб, Windows 11 (2021) чиқарилганидан уч йил ўтиб, биз Windows 12 (2024) ни кўришимиз мумкин. Агар ортга назар соладиган бўлсак, Windows 10 2015 йилда, Windows 8 2012 йилда, Windows 7 эса 2009 йилда чиқарилган. 

Windows 11'га келсак, у чиқарилганида, Microsoft унинг учун ҳар йили битта йирик янгиланиш чиқаришини айтган эди. Бироқ, режалар кескин ўзгарди. Энди Windows 11 фақат шу 2022 йилнинг октабрида "Sun Valley 2" код номли 22H2 версия янгиланишини қабул қилади ва бу унинг учун энг биринчиси ва охириги йирик янгиланиш бўлади.

Ундан кейинги 2023 йилда чиқарилиши кутилаётган 23H2 (Sun Valley 3) йирик версия янгиланиши эса бекор қилингани айтилмоқда. Унинг ўрнига эса компания Windows 11 22H2 версияси билан янги "Moments" лойиҳасини ишга туширмоқда. 2023 йилдан ишга туширилиши айтилаётган ушбу лойиҳа билан компания ўз Windows 11 фойдаланувчиларига йилда йирик янгиланишлар юбориш ўрнига ҳар бир неча ойда янги функцияларни жўнатиш имконини беради. Бу эса бир йилда тўрт мартагача содир бўлиши мумкин. Шундай экан, Windows 11 23H2 учун мўлжалланланган янги хусусиятлар Moments янгиланишлари кўринишида ойма-ой тарқатилади. Ана шундай Moments янгиланиши яқинда Вазифалар панели учун об-ҳаво тугмасининг чиқарилиши билан аллақачон синаб кўрилганлиги ҳам айтилмоқда.

Катта эҳтимол билан Windows 12 эканлиги айтилаётган навбатдаги йирик Windows янгиланиши эса "Next Valley" ички код номига эга бўлиши мумкин, аммо бу аниқ эмас. Юқорида айтилганидек, у 2024 йилда чиқарилиши кутилмоқда. Бундан олдин Microsoft Windows 12 ни бутунлай бошидан, янги структура билан яратиши ҳақида миш-мишлар тарқалган эди.

ЎҚИНГ: iOS ва Android учун янги қўшиладиган эможилар

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!