Motorola дунёдаги илк 200MP камерали смартфонни расман тақдим қилди!

Motorola дунёдаги илк 200MP камерали смартфонни расман тақдим қилди!

Август ойининг 2 санасида Motorola компанияси Хитойда ўзининг 200MP камерали смартфонини тақдим қилиши кутилаётган эди, лекин маълум сабабларга кўра у 11 августга кечиктирилди. Бу орада Xiaomi компанияси ҳам худди шундай катта ўлчамдаги камерали смартфонини тайёрлаётгани миш-миш қилинди, аммо, барибир Motorola энг биринчи бўлди.

Бугун, 11 августда смартфонлар саноатида муҳим воқеа юз берди. Хитойда ўтказилган тадбирда Motorola 200MP камерага эга дунёдаги илк смартфон, Moto X30 Pro флагманини тақдим қилди. Тақдимотда маълум қилинишича, смартфон Samsung ва Lenovo компаниялари мутахассислари билан биргаликда ишлаб чиқарилган бўлиб, унга Samsung томонидан ўтган йили тақдим қилиган ISOCELL HP1 сенсори ўрнатилган. 1/1.22 дюймли ушбу камера атроф-муҳитга қараб пикселларни тўртга бир ёки ўн олтига бир ҳолда бирлаштира оладиган Chameleon Cell технологиясига эга. Ушбу камера ҳатто 30fps билан 8К резолюцияда ҳам видео олиш қобилятига эга. Бундан ташқари, смартфонда иккита қўшимча камералар ҳам мавжуд: бири 117 градусли, автофокус билан 2.5 сантиметрдан макро сурат олишни қўллаб-қувватлайдиган 50MP ултра-кенг линза бўлса, иккичиси 2х оптик зумга эга 12 мегапикселлик телефото. Селфи камера ҳам диққатга сазовор - 60MP.

Смартфони дизайни тақдимотга қадар расман кўрсатилган эди. Moto X30 Pro олд ва орқа томонларининг ён тарафлари эгилган бўлиб, унинг қалинлиги атиги 1.8 миллиметрни ташкил қилади. Орқасида учлик камера модули, олд экрани юқори марказида эса селфи камера жойлашган. Телефонни ёқиш тугмаси, овоз бошқарувчи тугмалар билан бирга унинг ўнг томонига ўрнатилган. Унинг тагида эса карнай, USB-C порти ва SIM карта слоти мавжуд.

Смартфоннинг жуда ингичка рамка билан ўралган олд экрани 6.77 дюймли, 144Hz янгиланиш тезлигига эга, HDR10+ резолюцияли OLED дисплей билан таъминланган бўлиб, унинг остида бармоқ изи сканери ҳам бор. 

Капот остида смартфон Qualcomm'нинг энг сўнгги русумдаги Snapdragon 8+ Gen 1 чипсети билан жиҳозланган ва у 8/12GB (LPDDR5) оператив, 128/256/512GB (UFC 3.1) ички хотира билан Android 12 га асосланган MYUI 4.0 қобиғида ишлайди. Унинг 4,500 мА/с батареяси эса 125 Вт тезлик билан 7 дақиқада 50% ёки 19 дақиқада 100% зарядланади. Бундан ташқари қурилма 50 Вт тезликда симсиз қувватлаш мумкин. Айтиш керакки, смартфон атиги 8.9 мм қалинликда бўлиб, унинг оғирлиги бор йўғи 197 граммни ташкил қилади. 

Гарчи Moto X30 Pro энг кучли камера, энг кучли чипсет, ўта тезкор зарядлаш ва бошқа юқори даражали хусусиятлар билан чиқарилган бўлса ҳам у ҳамёнингизни "қуритиб" қўймайди. Смартфон хотира моделларига қараб қуйидагича нархда сотувга чиқарилган:

8GB RАМ + 128GB = 3,699 юан (ёхуд 549 доллар)

12GB RАМ + 256GB = 4,199 юан (ёхуд 623 доллар)

12GB RAM + 512GB =  4,499 юан (ёхуд 668 доллар)

Афсуски, Moto X30 Pro ҳозирда фақат Хитой бозори учун чиқарилган, лекин келажакда у Moto Х30 Ultra номи остида глобал бозорга чиқарилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Samsung расман Galaxy Watch5 ва Watch5 Pro соатлари тақдим қилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.