Sony Xperia 5 IV смартфонини тақдим қилди

Sony Xperia 5 IV смартфонини тақдим қилди

Sony бугун ўзининг янги авлод компакт телефони, Xperia 5 IV ни расман тақдим қилди. Таниқли япониялик компания ўзининг бу йилдаги энг сўнгги смартфонини, албатта, энг яхши камералар билан жиҳозлаган бўлиб, у бир қанча юқори даражадаги техник хусусиятларга эга.

Ташқи кўринишидан Xperia 5 IV аввалги авлоди, Xperia 5 III дан деярли фарқ қилмайди, агар ўлчам бўйича янги модел (156 х 67) олдингисидан (157 х 68) 1 миллиметр фарқ қилишини ва бироз оғирроқ (172 грамм) эканлигини айтмаса. Қалинликлари эса бир хил: 8.2 мм.

Xperia 5 IV смартфони 6.1 дюймли, 2520 х 1080 пиксел ўлчамдаги 120Hz янгиланиш тезлигига эга OLED дисплей билан таъминланган бўлиб, унинг олд-орқа томонлари Corning Gorilla Glass Victus билан ҳимояланган ва у IP68 рейтингги билан сув ва чангга чидамли деб топилган. 

Анъаналарга содиқ қолган ҳолда Sony бу сафарги смартфонини ҳам аввалгиларидек дизайндаги учлик камера билан чиқарган. Ҳатто Apple ҳам 12 мегапикселли камералардан воз кечаётгани айтилаётган бир пайтда Xperia 5 IV орқа томонида бир эмас, нақд учта 12 мегапикселли камераларга эга, лекин уларнинг уччаласи ҳам уч хил хусусиятга эга. 

12 МП бўлгани билан барча камералар ҳақиқий Sony камераларида бўлгани каби яхши портретлар учун реал вақтда кўзга автофокус қилиш, реал вақтда кузатиш, сониясига 120 кадр тезликда ўқиш ёхуд 120 кадр/c 4К видеога олиш , сунъий интеллект билан масофани таҳлил қилиш ва ҳатто HDR ёниқ бўлганда ҳам биттада супер тезликда кўплаб суратлар олиш хусусиятларига ҳам эга. Шунингдек, ултра-кенг камерадан ташқари қолган иккитаси OIS (тасвирни оптик барқарорлаштириш) хусусиятига ҳам эга. Селфи камерага келадиган бўлсак, у ҳам қатордан қолмаган ҳолда 12 МП қилинган. 

Қурилма Қуалcоммънинг энг тренддаги Snapdragon 8+ Gen 1 эмас, балки Snapdragon 8 Gen 1 чипсети билан Android 12 да ишлайди ва у 8 ГБ оператив ва 128/256 ГБ доимий хотира билан ишлайди. Албатта, юқори сифатли суратлар билан бундай хотира тезда тўлиб қолиши ҳеч гапмас, шундай экан, телефонда хотирани кенгайтириш учун microSD карта уяси ҳам мавжуд. Алоҳида таъкидлаш жоизки, смартфонда 3.5 миллиметрли наушник уяси ҳам бор - Sony бугунги кунда премиум смартфонларда йўқолиб бораётган ушбу хусусиятни ўз флагман смартфонида сақлаб қолган сўнгги компаниялардан биридир (қарсаклар).

Гарчи Xperia 5 IV аввалгисидан ҳам ихчамроқ ўлчамда бўлса ҳам, Sony унга 10% каттароқ батарея, 5,000 мА/с жойлаштиришга муваффақ бўлган. Унинг қувватланишга келадиган бўлсак, 30 ваттли қувватловчи билан Sony смартфон атиги 30 дақиқа ичида 50% гача қувватланишини ваъда қилмоқда. Шунингдек, компания қурилма батареяси соғлиги 3 йилгача сақланиб қолиниши ҳам таъкидламоқда. Бироқ, сиз нафақат зарядловчи адаптерингизни, ҳатто, USB кабелингизни ҳам алоҳида сотиб олишингиз керак, чунки эндиликда улар Xperia 5 IV қутисида бирга келмайди. Агар бу хабарни яхшиси билан ювиш мумкин бўлса, унда сизга Xperia 5 IV симсиз зарядланишни қўллаб-қувватлашини маълум қиламиз (смартфон ўз қаторида бундай функсияга эга илк модел бўлди).

Бошқа хусусиятлари эса, қурилмада Dolby Atmos, Hi-Res Audio, DSEE Ultimate ва 360 Reality Audio хусусиятларига эга иккилик стерео карнайлар мавжуд. Шу билан бирга, телефон ён томонида бармоқ изини сканерловчи ҳам бор. Алоқа учун смартфон 5G ни қўллаб-қувватлайди ва NFC хусусиятига ҳам эга.

Xperia 5 IV шу сентабр ойи ўрталарида биринчи Европа учун €1,049 нархда, яшил, бўз рангли оқ ва қора рангларда, фақат 8/128 ГБ хотира конфигурациясида чиқарилади. Айтиш мумкинки, бу пулга Европада Galaxy S22 Ultra сотиб олиш мумкин. Кейинроқ 27 октабрдан Америка бозорига $999 нархда етказиб бериш бошланиши айтилмоқда. Бошқа ҳудудлар учун сотувга чиқарилиши ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: Оммабоп смартфонлар топ ўнталиги (34 ҳафта)