iPhone 14 ва 14 Plus - нималар ўзгаради?

iPhone 14 ва 14 Plus - нималар ўзгаради?

Энди mini модель йўқ, 6.1 дюймли iPhone 14 янги сериядаги энг кичик ва энг арзон моделга айланди. Серияга янги 6.7 дюймли Pro бўлмаган модель қўшилди - бу iPhone 14 Plus. 

Plus моделига катта ҳажмли аккумулятор ўрнатилган бўлиб, тўлиқ қувват билан 26 соат видео томоша қилиш мумкин. Бу кўрсаткич iPhone 14 моделида 20 соат, iPhone 13'да эса 19 соатни ташкил қилади. Қўшимча ҳажм сабаб компания қурилма унумдорлигини ошириш учун совутиш тизимини ҳам такомиллаштирди. 

Икки смартфонга ўтган йилги A15 Bionic чипи ўрнатилган. Бу iPhone 13 ҳамда 13 mini моделларидаги тўрт ядроли эмас, балки Pro моделларидаги беш ядроли процессор ҳисобланади. Шунинг учун янги моделлар ўтган йилги Pro бўлмаган моделларга қараганда 18% юқори график устунлигини тақдим этади. 

Apple чиплари унумдорлик жиҳатидан анча кучли, шунинг учун компания икки смартфоннинг ишлаш тезлигини ҳар қандай нархдаги Android смартфондан баланд ҳисобламоқда. Чипдаги ўзгариш камера сифатини яхшилашга ҳам ёрдам берган. 

iPhone 14 ва 14 Plus ҳамон 12 мегапикселли камералар билан жиҳозланган. Асосий камера 1.9 микрон пиксел ҳамда f/1.5 диафрагмадаги катталашган сенсорга эга. Шундай қилиб, янги моделлардаги камера iPhone 13'никига нисбатан 49% кўпроқ ёруғликни қабул қилади. Fotonik двигатель кам ёруғликдаги фотосуратлар сифатини яхшилайди. Паст ёруғликда iPhone 13 билан солиштирганда iPhone 14 моделларининг селфи ҳамда ультракенг камераси икки баробар, асосий камераси эса икки ярим баробар яхшироқ суратларни тақдим этади. 

Action режими ҳам янги хусусиятлардан бири бўлиб, у камерани стабилизация билан таъминлайди. Шунингдек, камера энди Dolby Vision HDR'ни қўллаб-қувватлайди. Камера ҳали ҳам максимал 4K 60 кадр форматда суратга олади.

iPhone 14 жуфтлиги ҳали ҳам TrueDepth камераси учун “қош“ дизайндан фойдаланади, оддий моделларнинг олд камераси биринчи марта автофокусга эга бўлди. Бундан ташқари, селфи камера ёрқинроқ f/1.9 диафрагма сабаб 38% кўпроқ ёруғликни қабул қилиши мумкин.

Камерларага оид маълумотлар етарли бўлди. Энди смартфон қандай боғланишга эга эканини ҳақида гаплашамиз. Бу ерда иккита янгилик бор: биринчиси сунъий йўлдошга уланиш хусусияти, иккинчиси фақат eSIM билан ишлаш имконияти. 

Сунъий йўлдош хусусияти катта антенналарсиз сунъий йўлдошга хабар жўнатиш учун янги аппарат ва дастурларни талаб қилади. Бу хизмат фақат матнли бўлиб, асосан фавқулодда вазиятларда ишлатилади, лекин у икки томонлама алоқани ҳам қўллаб-қувватлайди, яъни қутқарув гуруҳи йўлга отланганда бу ҳақида ёрдамга муҳтож одам огоҳлантирилади. “Find My“ иловаси дўстларингизга сизни кузатиб бориши учун жойлашувингизни жўнатиб туради. 

Вазиятни тушунтириш учун махсус хабарлар ёзиш мумкин, бунинг учун бир нечта махсус тайёрланган саволлар орқали батафсил SOS хабарини юборса бўлади. Осмон очиқ кўринадиган жойларда хабар тахминан 15 сонияда узатилади, агар тепада дарахтлар бўлса, бу бир неча дақиқа вақт олиши мумкин. Сунъий йўлдош хизмати ноябрь ойида АҚШ ва Канададаги фойдаланувчилар учун ишга тушади. iPhone 14 эгалари 2 йиллик бепул обунага эга бўлишади.

Apple смарт соатларидаги ҳалокатни аниқлаш функцияси iPhone 14 моделларида ҳам мавжуд. АҚШ учун чиқариладиган моделлар фақат eSIM карталарини қабул қилади. Улар, шунингдек, иккита eSIM картани қўллаб-қувватлайди. 

Икки қурилмага олдиндан буюртма бериш 9 сентябрдан бошланади. iPhone 14 моделининг нархи 799 доллар, iPhone 14 Plus'нинг нархи эса 899 доллардан бошланади. Иккала моделнинг 128/256/512ГБ хотирага эга турлари мавжуд. 

ЎҚИНГ: iPhone 14 пулига битта Watch Ultra! 

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!