Google ўзининг булутли-ўйнаш хизматини ёпмоқда

Google ўзининг булутли-ўйнаш хизматини ёпмоқда

Google компанияси ўзининг таниқли хизматларидан бири, булутли-ўйнаш платформаси, Stadia'ни ёпаётганлигини эълон қилди. Компания сотиб олинган Stadia қурилмалари ва контентлар пулини 2023 йил январининг ўртасигача қайтариб беришини маълум қилган.

"Бир неча йил олдин биз Stadia ўйин хизматини ҳам ишга туширдик. Гарчи Stadia'нинг истеъмолчилар учун ўйинларни стримининг қилиш ёндашуви кучли технология пойдеворига қурилган бўлса-да, у фойдаланувчилар орасида биз кутгандек катта қизиқиш уйғотмади, шунинг учун биз Stadia стриминг хизматини тўхтатишга қийин қарор қилдик." дейди Stadia вице-президенти ва бош менежери, Фил Харрисон, эълон қилинган блог постда.

Шунингдек, Харрисоннинг қўшимча қилишича, Google Stadia технологиясини компаниянинг YouTube, Google Play ва AR каби бошқа хизматларига, шу билан бирга, компания ўйин келажагини кўра оладиган бошқа саноат ҳамкорларига тақдим этишини режалаштирмоқда.

Маълум бўлишича, Stadia ўйинчилар бошлаб қўйган ўйинларини якунлаб олишлари учун 2023 йилнинг 18 январигача очиқ бўлади.

Булутли ўйин хизмати - бу компютер ўйинларини бошқа, узоқда жойлашган серверларда ўйнаш бўлиб, бунда сиз ўйинларни худди видеоларни YouTube'да стрим қилгандек ўйнайсиз. Бошқачасига айтганда, булутли ўйнаш технологияси кучли техник хусусиятларга эга компютер талаб қиладиган ўйинларни оддий компютерда ҳам ўйнаш имконини беради. Албатта, интернет билан.

Таъкидлаш жоизки, Google Stadia хизмати шу кунгача Ўзбекистон ҳудудида мавжуд бўлмаган.

ЎҚИНГ: E3 тадбири 2023 йилнинг қайси кунларида ўтказилиши маълум бўлди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!